Windows’ни флешканинг ўзига ўрнатиб олиб, исталган компьютерда ишга туширамиз!

  •   DiMaX
  •  4360
  •  03.05.2019 11:39

Windows’ни флешканинг ўзига ўрнатиб олиб, исталган компьютерда ишга туширамиз!

Замонавий операцион тизимларнинг исталган бирини флешкага live-образ тарзида ўрнатиш мумкин. Бу дегани – масалан, компьютер ёки ноутбукнинг ўзига эмас, балки флешкага Windows ўрнатиб қўйилади.

ЎҚИНГ: Windows 10 May 2019 Update тақдим этилди: янгиланишларни энди ўзингиз бошқара оласиз!

Бунда операцион тизим флешкада деярли ўрнатилган ҳолатда сақланади ва уни компьютерга улаб, тизимни худди қаттиқ дискдаги каби флешкадан ишга тушираверасиз.

Хўш, Windows’ни флешкага ўрнатиб қўйишнинг афзалликлари нимада? Аввало, уни исталган компьютер ёки ноутбукка тиқиб, фойдаланаверасиз – ўзингиз билан ноутбук кўтариб юришга ҳожат бўлмайди. Шунингдек, компьютер ёки ноутбукдаги аввалган ўрнатилган Windows тизими бирор хатолик сабабли ишламай қолса, флешкага ўрнатилган Windows қўл келади.

Фақат ёдда тутинг: бунда Windows’ни флешкадан биринчи марта ишга тушириш сал кўпроқ вақт олади. Шунингдек, тизимнинг қулай ишлаши учун ҳажми 16 гигабайтдан кам бўлмаган USB 3.0 флешка керак, унда маълумот ўқиш ва ёзиш тезлиги камида сониясига 20–30 мегабайтга етиши лозим.

Шундай қилиб, биринчи навбатда бизга Windows 10 операцион тизимининг образи, яъни ISO-файли керак бўлади ва уни кўчириб олиш усули мана бу мақоламизда кўрсатилган:

ЎҚИНГ: Windows 10 тизимини ўрнатилувчи ISO-файл сифатида Microsoft расмий сайтидан бепул кўчириб оламиз

Энди шу ISO-файлни флешкага live-образ тарзида ёзиш учун бизга Rufus дастури зарур, уни мана бу ҳавола орқали расмий сайтидан компьютеримизга юклаб оламиз.

Энди бўш флешкани шу компьютерга улаб, Rufus дастурини очамиз, файл тизими сифатида «NTFS»ни белгилаймиз. «Юкланувчи диск яратиш» («Create a bootable disk using»)ни белгилаб, ёнидан ISO-образни танлаймиз, пастроқда эса «Windows To Go»ни белгилаймиз:

Бўлди, энди «Start»ни босамиз ва Windows 10 операцион тизимининг ISO-файли флешкага live-образ тарзида кўчирилиб тугашини кутамиз. Тайёр бўлгач, флешкани ёнингизда сақлашингиз ва исталган жойда – бошқа компьютерларда ўз Windows’ингиздан фойдаланишингиз мумкин!

ЎҚИНГ: Windows 10’да янгиланишлар ўрнатилишини осонгина чеклаб қўямиз

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.