Windows’ни қайта ўрнатиш олдидан ёки бошқа компьютерга кўчириш учун дастурлар созламаларини захиралаймиз

  •   DiMaX
  •  391
  •  03.03.2018 17:53

Windows’ни қайта ўрнатиш олдидан ёки бошқа компьютерга кўчириш учун дастурлар созламаларини захиралаймиз

Одатда компьютерга Windows операцион тизимини қайта ўрнатишни кўпчилик уддалайди ва ўз компьютерида буни бир неча бор қилиб кўрган. Лекин ҳар гал тизимни қайта ўрнатгач, дастурларни қайта бошдан ўрнатиб чиқиш, айниқса уларни яна аввалгидек созлаш сал малол келади. Шундай ҳолларда, шунингдек, битта компьютердаги дастур созламаларини бошқасидагига ўтказишда сизга CloneApp утилитаси ёрдам бериши мумкин.

ЎҚИНГ: Windows’да дастурни қайта ўрнатишсиз бошқа дискка кўчирамиз

Ушбу бепул утилита компьютерингизга керакли дастурларни қайтадан ўрнатиб чиқиш жараёнини максимал даражада соддалаштириб беради. CloneApp қаттиқ дискнинг операцион тизим ўрнатилган бўлимини текшириб чиқади ва профиллар каталогларини, маълумотлар базаси файлларини, реестр ёзувларини ва бошқа шахсий созламалар маълумотларини захиралаб олиб қўяди. Windows’ни қайта ўрнатганингиздан сўнг ёки компьютерингиздаги дастурларни бошқа компьютерга кўчирганингиздан кейин CloneApp ўша дастурларингиз созламаларини осонгина тиклаб беради.

CloneApp содда ва қулай интерфейсга эга, унинг жиҳозлари ва созламалари минимал даражагача камайтирилган. Бу утилитани компьютерга ўрнатиш ҳам талаб этилмайди, ҳатто уни исталган маълумот ташувчи қурилмадан ишга туширса бўлади. Дарвоқе, компьютердаги дастурлар созламаларининг захира нусхалари бевосита CloneApp жойлашган жилдга сақланади, уни бошқа компьютерга кўчириш ҳам, тизимни қайта ўрнатгандан сўнг шу компьютернинг ўзига жорий этиш ҳам осон.

Утилитани ишга туширгач, Apps рўйхатида керакли дастурларни белгилаб чиқасиз, кейин эса «Start Backup» («Захиралашни бошлаш») тугмачасини босасиз.

Захира нусхаларни яратиш учун кетадиган вақт бир дақиқа атрофида бўлиши мумкин – бу кўрсаткич дастурларингизнинг созламалари қанчалик кўп маълумот сақлашига боғлиқ. Масалан, WinRAR архиваторининг захира нусхасини CloneApp бир сонияга ҳам етмасдан яратади, Google Chrome бэкапини яратишга эса 20–30 сония талаб этилади – бу кэш ҳажмига ва браузернинг фойдаланувчи каталогида сақланаётган маълумотлар ҳажмига боғлиқ.

Захиралаш жараёни ниҳоясига етгач, CloneApp ойнасининг ўнг томонида бу ҳақда хабар берувчи «Backing up process completed» («Захиралаш жараёни якунланди») ёзуви чиқади.

ЎҚИНГ: Бузилган Windows 7 операцион тизими файлларини қайта тиклаш

Созламаларни қайта ўрнатиш жараёни ҳам шундай содда, фақат бунда «Restore» («Қайта ўрнатиш») тугмачасини босиш кифоя.

Айни дамда CloneApp томонидан захиралаш қўллаб-қувватланаётган бепул ва шартли бепул дастурлар сони 140 тагача етади. Агарда созламаларини захиралаш керак бўлган дастур бу утилитанинг автоматик рўйхатида йўқ бўлса, уларни CloneApp ёрдамида ўзингиз захираласангиз ҳам бўлади. Бунинг учун созламалари сақланиши керак бўлган ўша дастурнинг каталогини ҳамда тизим реестридаги унга тегишли калитларни ўзингиз кўрсатишингизга тўғри келади. Ушбу иш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди; шу боис, агарда бу борада тажрибангиз бўлмаса, таваккал қилмаганингиз маъқул.

CloneApp лойиҳаси ҳозирда такомиллашишда давом этмоқда ва у қўллаб-қувватлайдиган дастурлар рўйхати кенгайиб бормоқда. Бу утилита Windows’нинг барча оммалашган талқинларига мос тушади, бепул тақдим этилади ва ичида рекламаси йўқ. Унинг интерфейси инглиз тилли, аммо бу тилни билмасангиз ҳам, юқоридаги тавсияларимиз орқали мазкур утилитани ишлата оласиз.

Дастурлар созламаларини захиралаб, қайта тиклашга кўмаклашувчи CloneApp утилитасини мана бу ҳавола орқали ишлаб чиқувчининг серверидан кўчириб олишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Шахсий файлларни йўқотмасдан Windows 10’ни тезда қайта ўрнатиш

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.