World Mobile Challenge ўзбекистонликларни мобил ишланмалар бўйича глобал ёшлар танловига таклиф қилади

World Mobile Challenge  ўзбекистонликларни мобил ишланмалар бўйича глобал ёшлар танловига таклиф қилади

Eurasia Mobile Challenge – GSM операторлари халқаро ассоциацияси кўмаги остида мобил ишланмалар бўйича дунёнинг барча қисмларидан саралаб олинган иштирокчилар ўртасида ўтказилаётган World Mobile Challenge жаҳон кўрик-танловининг босқичларидан бири ҳисобланади.

Глобал танловнинг финал босқичи 2016 йилнинг февраль ойида Барселонадаги Халқаро мобиль конгрессида ўтказилиб, унда минтақавий финал босқичлари ғолиблари ўз лойиҳаларини Конгрессда намойиш этиш имкониятига эга бўлади.

Мазкур танловдан кўзланган мақсад ёшларни янги бозорни ўзгартириб юборадиган digital-ғоялар топишга руҳлантиришдан иборат. Танловнинг Евросиё босқичида Россия, Ўзбекистон, Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон вакиллари иштирок этади.

Танлов мобил молиялаштириш, digital-хизматлар, булутли ва М2М-ечимлар, шунингдек, мамлакатлар ва минтақалардаги ижтимоий муаммолар, иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга қаратилган мобил иловалар соҳасида ғояларни қидиришга йўналтирилган.

Кўрик-танлов таълим олишга кўмаклашиш орқали барқарор келажакни шакллантиришга интиладиган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва янгиликлар ва технологиялар ривожи учун имкониятлар тақдим этиш мақсадида ташкил қилинган VimpelCom Ltd. глобал ижтимоий лойиҳаси доирасида “Ўз изингни қолдир” шиори остида амалга оширилмоқда.

Мазкур танловда иштирок этиш учун www.eurasiamobilechallenge.com сайти орқали ариза тақдим этишнинг сўнгги муддати 2015 йилнинг 30 октябри этиб белгиланган.

Ариза топширишнинг тўлиқ тартиби ҳақида конкурс сайтидан батафсил маълумот олиш мумкин.