World of Tanks қандай дунёга келади? Компания офисига саёҳат

World of Tanks қандай дунёга келади? Компания офисига саёҳат

Сўнгги йилларда онлайн комютер ўйинлар тобора оммалашиб бормоқда. Шуларнинг ичида бизнинг ўзбек ўйинсеварларимизга ҳам манзур бўлгани World of Tanks'дир. Қайси ўғил бола танк ичига тушиб, душманлар додини беришни истамайди?

World of Tanks онлайн ўйини Wargaming компанияси маҳсулоти бўлиб, унинг офиси Белорус пойтахти Минск шаҳрида жойлашган. Новое Время нашри ходимлари ушбу офисга ташриф буюриб, ўйиннинг яратилиш жараёнини бевосита кузатдилар.

World of Tanks онлайн ўйин бўлгани сабабли янгиланишлар устида олиб борилаётган ишлар бир зумга ҳам тўхтамайди.

WоТънинг энг муҳим қисми бўлган овоз эффектлари устида етти кишидан иборат жамоа иш олиб боради. Улар жанг саҳналаридаги овоз эфектларини янада жонли чиқишига ҳаракат қиладилар. Тўлақонли мусиқа зарур бўлса, 50 мусиқачидан иборат оркестр ёрдамга келади. Овоз эффекти усталари иш жуда оғир ва масъулиятли эканлигини айтадилар. Улардан бирининг айтишича, биргина ўқ товушини сифатли чиқишини таъминлаш учун уни бир кунда 250 марта ҳам тинглаб кўришга тўғри келган вазиятлар бўлар экан. Улар иш вақти тугагандан сўнг тинч жойда дам олишни исташар экан.

 

Кейинги навбатда график дизайнерлар хонасига кирган Новое Время ходимари бу ер соч қуритиш ускунаси каби иссиқлик чиқариб ётган улкан компютерлар билан тўла эканини айтадилар.

Мазкур ишда энг масъулиятли ва оғир вазифа айнан график дизайнерларга тегишлидир. Айнан улар геймерларнинг севимли танклари модельларини яратадилар.

Биргина танк моделини яратиш учун дизайнерлар бир ойдан ярим йилга қадар вақт сарфлайдилар. Моделни яратишдан олдин улар тарих музейларига бориб, тарихчилар билан суҳбатлашадилар. Яратилажак моделнинг асл прототипини синчиклаб ўрганиб чиқадилар. Шундан сўнг танкнинг барча деталлари аниқ кўриниб турган ихчам макети ясалади ва у доимо дизайнернинг иш столида туради. Макет дизайнерга ясалаётган график моделдаги деталларни унутиб қолдирмасликка ёрдам беради.

Танкнинг график модели тайёр бўлгандан сўнг унга сайқал берилади. Аммо бу сайқаллаш моделни янада чиройли қилишни назарда тутмайи: дизайнерлар танкнинг баъзи жойларини снаряд теккандек пачоқ қиладилар, танк занжирларини занг, лой ёки чанг билан қоплайдилар. Натижада танкнинг график модели ўйин давомида ҳақиқий жанг ичида юрган ҳарбий машинадек кўринади.

Дизайнерларнинг айтишича, улар Strv-103b танкининг ўйиндаги моделини яратиш учун Швециядаги музейда сақланаётган прототипни ҳар хил ракурсдан 800 марта суратга олганлар. Танкнинг график модели тайёр бўлгандан сўнг уни ўйинга қўшиб бўлмаган. Сабаби танк шу даражада аниқ деталлар билан тасвирланганидан унинг ҳажми оғирлашиб, ўйинни қотириб қўйган. Натижада дизайнерлар моделдаги деталларни енгиллаштиришга мажбур бўлганлар.

Яратувчиларга кўра, ўйин яқиндан Core движогига ўтказилибди. Янги движок жанг бўлиб ўтадиган жанг майдонларини янада кенгайтиришга имкон берар экан. Эндиликда жанг хариталари кенглиги 16 километрга ошиб, майдоннинг четлари туман ёки тоғлар билан беркитилишига эҳтиёж қолмайди. Геймерлар ўз машиналарини янада эркинроқ ҳаракатлантиришлари мумкин бўлади.

Шунингдек, янги движок атроф-муҳитнинг янада табиийроқ кўриниши, деталларнинг янада аниқроқ кўринишини таъминлайди.

Wargaming жамоасида нафақат мусиқачилар, овоз эффекти усталари, график дизайнерлар, балки руҳшунослар, жамиятшунослар ва интерфейс дизайнерлари ҳам фаолият юритади. Руҳшунослар ва жамиятшунослар геймерларнинг хулқ-атвори, ўзини тутишини ўрганиб борса, интерфейс дизайнерлари мухлислар томонидан қолдирилган изоҳлар орқали, уларнинг хоҳиш-истагини ўрганиб чиқади ва бу асосида ўйинга ўзгартиришлар киритилади.

Ўйиннинг янгиланган талқинини синаб кўриш учун бутун бошли геймерлар жамоаси таклиф қилинади. Бундай жамоа учун, асосан, 35 ёшлардаги эркаклар танлаб олинади. Яратувчилар тест жараёнларига умуман таъсир кўрсатмайди ва барча хулосалар геймерларнинг изоҳлари асосида қабул қилинади.

Тест давомида яратувчилар геймерларнинг юз ифодаларини синчиклаб кузатадилар. Агар геймер ўйиннинг бирор қисмида норозини кайфиятга тушса, яратувчилар шу қисмни ўзгартиришга ҳаракат қиладилар.

Шу сабабли яратувчилар World of Tanks'ни геймерлар томонидан геймерлар учун яратилган ўйин, деб атайдилар.

16 қаватли Wargaming компаниясида 2,000 нафардан зиёдроқ ходим ишлайди. Фрилансерлар билан ҳисоблаганда, World of Tanks ўйинини яратиш устида деярли 4,000 га яқин одам меҳнат қилади. Ходимларнинг 70 фоизи эркаклар бўлса, қолган 30 фоизини аёллар ташкил қилади.

Wargaming жамоасига қўшилишдан олдин талабгор уч ойлик синов муддатидан ўтишига тўғри келади. Синов муддати квест кўринишида шакллантирилган. Бу вақт давомида ходимлар амалиётчига таъсир ўтказмасликка ҳаракат қиладилар. Ҳар бир масалага ечимни амалиётчининг ўзи топиши лозим бўлади. Уч ой давомида энг кўп балл тўплай олган амалиётчи жамоага қабул қилинади.

Бундан ташқари компания қошида ёш дастурчилар мактаби ҳам очилган. Ушбу мактабни аъло натижалар билан битирган талабалар ҳеч қандай синов муддатисиз жамоага қабул қилиниш имконига эга бўлади.

Компания офисига ташриф буюрган ҳар қандай меҳмон шу ерда ишлаб қолишни орзу қилади. Деворлар World of Tanks лавҳалари билан безатилган, кутиш зали ва хоналар эса танклар, самолётлар макетлари билан тўла. Лифтларда ҳам айни манзарага гувоҳ бўлиш мумкин.

Компаниядаги фаолият давомида ходимларга ҳеч қандай босим ўтказилмайди, уларга кенг ижод эркинлиги берилади. Ўйиннинг келгуси янгиланишларга бағишланган йиғилишлардан бирида иштирок этган Новое Время журналистлари аксарият ходимлар бемалол смартфонларида ўйнаб ўтиргани, лекин раҳбарлар бу ҳолатга заррача эътибор қаратмаганидан ҳайратга тушганлар.

Сиз ҳам ушбу ўйин мухлисимисиз? Изоҳларингизни ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда кутамиз.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.