Хакерлар “ҳужум қилган” қозоқ бизнесмени смартфон ишлаб чиқаришга пул тикади

Хакерлар “ҳужум қилган” қозоқ бизнесмени смартфон ишлаб чиқаришга пул тикади

Британия-Исроил мамлакатларининг қўшма лойиҳаси ҳисобланган Sirin стартапи май ойидан бошлаб компания ва муассасалар раҳбарлари учун ультра технологияли илғор смартфонлар ишлаб чиқаришни режа қилмоқда. Бу ҳақда Reuters’нинг Исроил бўлинмаси хабар бермоқда.

Махсус қимматбаҳо смартфонни ишлаб чиқариш учун $72 миллион маблағ тўпланган ва илк дўконнинг Лондонда ташкил қилиниши кўзда тутилган.

“Бугунги замонда энг муҳими кибер хавфсизлик. Айниқса, раҳбарлар ҳар қандай моддийликдан қиммат маълумотларни гаджетларида сақлашлари тайин. Шундай экан, смартфоннинг нархи улар учун ўз аҳамиятини йўқотади. Биз ишлаб чиқараётган смартфон эса жанговар даражадаги мустаҳкам ҳимоя тизимига эга бўлади,” дейди Sirin’нинг ҳамасосчиси Моше Ҳогег.

Смартфон Android тизимида ишлайди ва уни тахминан $20,000 доллардан сотилиши мўлжалланмоқда.

Sirin’ни молиялаштиришда Хитойнинг Renren компанияси билан бирга, қозоғистонлик тадбиркор Кенгес Ракишев ҳам ҳисса қўшган.

Маълум қилинишча, 2013 йилда Ракишевнинг қўл телефони хакерлар ҳужумига учраган ва у Моше Ҳогегга юқори даражада ҳимояланган тизимга эга смартфон ишлаб чиқариш таклифини билдирган.

Лойиҳа асосчиларининг маълум қилишича, халқаро смартфонлар бозоридаги $1.1 миллиард доллар ҳисобидаги маблағ айнан қимматбаҳо гаджетлар ҳиссасига тўғри келади. Улар яқин йилларда смартфон бозорида Apple каби нуфузга эришишларини таъкидлаб, жамиятни террордан эмас, балки ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш мақсадида эканликларини айтишган.

Мисол учун, Британиянинг Vertu компанияси $10,000 дан $300,000 долларгача бўлган смартфонларни сотувга чиқарса, Apple’нинг iPhone 5 Black Diamond смартфони талқини $15.3 миллион долларга сотилган. Уларнинг аксариятида қимматбаҳолик ички тизим эмас, уларнинг сиртида фойдаланилган қиммат тошлар туфайлидир.