Хакерлар коронавирусдан фойдаланиб компьютерларга ҳужум қила бошлашди!

  •   DiMaX
  •  4005
  •  03.02.2020 14:28

Хакерлар коронавирусдан фойдаланиб компьютерларга ҳужум қила бошлашди!

Шу кунларда бутун жаҳон аҳлининг диққат марказида бўлиб турган коронавирус эпидемияси технологик компанияларга ҳам жиддий зарар етказмоқда. Terabayt.uz бу тўғрида бир нечта хабарлар эълон қилган.

ЎҚИНГ: Билл Гейтс: «Дунёни биотеррор хавфи кутмоқда!»

IBM X-Force компаниясининг киберхавфсизлик мутахассислари хабар беришларича, хакерлар шу офатдан ҳам фойдаланиб қолиш йўлини топишибди. Улар гўёки коронавирус инфекциялари ва улардан ҳимояланиш чоралари ҳақидаги қўлланма кўринишида тайёрланган файлга компьютер вирусини жойлаб тарқатишмоқда.

TechRadar нашри хабарига кўра, бу файллар Microsoft Word ёки PDF форматли ҳужжат ёхуд MP4-видео кўринишида ниқобланган. Номига қараб, файлни чиндан ҳам бу вирусдан ҳимояланиш қўлланмаси, деб ўйлаш мумкин. Аммо унинг ичига Emotet туркумидаги зиёнкор кодлар яширилган бўлиб, улар компьютер устидан ҳукмронликни тўла ўз қўлига олади. Кейин эса фойдаланувчининг ундаги шахсий маълумотлари, логин-пароллари, браузери тарихи, махфий ҳужжатлари ва ҳоказоларни хакерларга жўнатади.

Ҳозиргача бир неча минг компьютер шу тур киберҳужумга учраган; илк қурбонлар эса Япониянинг Гифу, Осака ва Тоттори шаҳарларида аниқланган. Аммо хакерларнинг фаолияти яна кенгайиши мумкин.

Бу борада «Касперский лабораторияси» таҳлилчиси Антон Иванов шундай дейди:

«Асосий янгилик сифатида кенг муҳокама этилаётган коронавирус аллақачон кибержиноятчилар учун “хўрак”ка айланиб бўлган. Шу кунгача биз у билан боғлиқ бўлган 10 хил файлга дуч келдик, аммо улар янада кўпайиши аниқ».

ЎҚИНГ: Коронавирус қаерда қанчалик тарқалмоқда? Буни кўрсатувчи онлайн сервис ишга тушди!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!