Харид олдидан смартфонни текшириш (видеоқўлланма)

  •   DiMaX
  •  2780
  •  26.01.2017 12:31

Харид олдидан смартфонни текшириш (видеоқўлланма)

Янги нарса сотиб олаётиб, унинг нуқсонли чиқишини ҳеч ким истамайди, айниқса, смартфон масаласида жиддий қараш керак. Харид олдидан смартфонни тез ва тўғри текшириш усулларини hi-tech.mail.ru нашри эълон қилган.
1. Пломбаларини текширамиз
Табиийки, шундан бошлаймиз – ишлаб чиқарувчи томонидан қўйилган пломбалар бутун, қути ўрами эса муҳрланган бўлиши шарт.

2. Сенсор экранининг сезувчанлигини синаймиз
Тачскрин брак эмаслигини текшириш учун кучли уста бўлиш шарт эмас. Матн териш билан боғлиқ бўлган дастурлардан бирини (масалан – қайдлар ёки хабарлар) очамиз ва бир неча қатор матн териб кўрамиз. Агар кўп хато бўлса, тегишли ҳудудчадаги ҳарфлар экранда пайдо бўлмаса – қўлингиздаги қурилма сенсорида нуқсон бўлиши мумкин.

3. Датчикларни текширамиз
Замонавий қурилмаларда ҳаракат билан боғлиқ кўплаб датчиклар мавжудлигини инобатга олсак, гаджетнинг бу имкониятларини ҳам текшириш муҳим. Масалан, галереяни очиб, расмларни кўрамиз. Кейин смартфонни тезда тепасини пастга айлантирамиз – бу билан унинг ҳаракатларни қанчалик тўғри ва тез илғаб олишини аниқлаймиз.

4. Ишламайдиган пикселлари йўқмикан?
Экранда «ўлик» пикселлар бор-йўқлигини текшириш йўллари ҳақида аввал ҳам хабар берганмиз. Шулардан энг осони – камерани ёқамиз ва бирор оппоқ нарсани (масалан, оқ қоғозни) суратга туширамиз. Буни яхши ёритилган жойда қилганимиз маъқул.
Кейин эса экранда тасвирни катталаштириб, яхшилаб кўздан кечирамиз. Агар оқ фонда турли рангдаги нуқталар кўринса – демак, ишламайдиган пикселлари бор, сифатсиз модуль экан.
Шунингдек, «ўлик» пиксел мавжудлигини текширувчи Dead Pixel Test сингари махсус иловалардан ҳам фойдаланиш мумкин.
5. Динамикларини албатта текширинг
Одатда қурилманинг ўзида мусиқалар тўплами бўлади. Уларни баланд-паст овозларда қўйиб кўриб, смартфоннинг динамигини текшириш лозим. Бирйўла қулоқчинни ҳам улаб, унинг қандай ишлашини ҳам синовдан ўтказиб оламиз.

6. Қувват олиши ҳам муҳим
Ҳар эҳтимолга қарши, янги қурилманинг қувватни қандай олишини ҳам кўздан кечирган маъқул. Бунда портнинг ишлашига ҳам, батарея кўрсаткичлари экранда тўғри акс эттирилишига ҳам эътибор берамиз.

7. Wi-Fi ишлашини синаймиз
Замонавий қурилмаларнинг муҳим хусусиятларидан бири Wi-Fi тўлқини билан боғлиқ функцияларидир. Уни ёқиб, яқин атрофда уланиш нуқталари бўлса – уланиб, ишлатиб кўрган маъқул. Одатда смартфон 15 метрлар атрофидаги нуқталарга узилишларсиз уланиб ишлай олади.

8. Аккумуляторини кўздан кечирамиз
Агар смартфон янги бўлса, аккумулятори борасида хавотир олмасангиз ҳам бўлади. Бироқ кўнглингиз хотиржам бўлиши учун, агар батареяси олинадиган қурилма бўлса, уни чиқариб олиб кўздан кечириш мумкин. Одатда батарея орқасида тегишли ёзувлар туширилган оқ наклейка бўлади. Агар қурилма ичига намлик ўтган бўлса, шу наклейка қизғиш тусга киради.

9. Сервис кодини биласизми?
Смартфонларда кўпинча махсус текширув менюси бўлади, унинг ёрдамида қурилманинг барча муҳим параметрларини тезда текшириш мумкин. Бунинг учун қўнғироқ қилиш интерфейси орқали махсус кодни териш кифоя. Фақат бу код гаджетнинг маркасига, баъзан ҳатто моделига кўра ҳам фарқланади. Шу боис, агар бирор моделни олишни мўлжаллаб бозорга чиққан бўлсангиз, шу моделнинг махсус текширув кодларини олдиндан билиб қўйишингиз керак.

Агар юқоридаги тавсияларга амал қилсангиз, хариддан кейин кўнгил тўлмаслиги, дўконга қайтариб олиб бориш каби ҳолатларга ўрин қолмайди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!