«Хавфсиз шаҳар» иловасида профилактика инспекторининг ишини баҳолай оласиз!

  •   DiMaX
  •  609
  •  29.03.2019 08:47

«Хавфсиз шаҳар» иловасида профилактика инспекторининг ишини баҳолай оласиз!

Ўзбекистонда «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси устида ишлар жадал олиб борилмоқда. Тошкентда синов тариқасида «Хавфсиз шаҳар» иловаси ишга туширилди, деб ёзади Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.

ЎҚИНГ: Тошкентдаги «Хавфсиз шаҳар»да сунъий идрокдан фойдаланилади

Янги илова Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси академияси, БМТ Тараққиёт дастури, Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган. У мамлакатимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда жиноятчилик даражасини камайтиришга қаратилган бўлиб, учта – ўзбек, рус ва инглиз тилларида ишлайди.

«Хавфсиз шаҳар» («Безопасный регион») иловаси қатор муҳим функция ва имкониятларни ўз ичига олган. SOS тугмачаси орқали шошилинч хизматларни тезкор чақириш шулар жумласидандир. Ушбу виртуал тугмача босилганда, илова фойдаланувчи турган жойни аниқлайди ва унга энг яқин ички ишлар органи пунктига оид маълумотларни тақдим этади.

Бундан ташқари, иловада гаджет соҳибининг яшаш манзилига қараб профилактика инспекторининг маълумотларини топиш, унинг ишига баҳо бериш ва унга топширилган участкадаги фаолияти бўйича изоҳлар қолдириш ҳам мумкин. Бунинг учун гаджет соҳибида мобиль илова ўрнатилган бўлиши лозим. Ушбу маълумотларнинг барчаси зарур чоралар кўриш мақсадида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига юборилади. Чора кўриш учун изоҳлардаги ҳолатлар алоҳида кўриб чиқилади.

«Хавфсиз шаҳар» иловасида ахборот бериш функцияси ҳам мавжуд. Масалан, унда яқин орадаги ички ишлар бўлимини топиш, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг расмий сайтидаги сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш мумкин.

Мазкур илова ишлаши жараёнида профилактика инспекторлари тўғрисидаги маълумот тўлдириб борилади. Келгусида лойиҳа яратувчилари уни бутун Ўзбекистон бўйлаб тарқатиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштиришни режалаштиришмоқда. Хусусан, яқин орада иловага энг яқин патруль машинани қидириш функцияси қўшилади ҳамда илова 102 тизимига татбиқ этилади. Бу ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқаронинг турган жойини янада аниқроқ аниқлаш имконини беради.

Google Рlay каталогидан «Хавфсиз шаҳар» иловасини мана бу ҳавола орқали юклаб олиш мумкин.

ЎҚИНГ: «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси бутун Ўзбекистонни қамраб олади

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.