«Хавфсиз шаҳар»нинг пилот лойиҳаси Самарқандда амалга оширилади

«Хавфсиз шаҳар»нинг пилот лойиҳаси Самарқандда амалга оширилади

«Хавфсиз шаҳар» лойиҳасининг пилот лойиҳаси Самарқанд шаҳрида амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Бу ҳақида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири «Siemens» компанияси вице-президенти бошчилигидаги делегация билан учрашуви доирасида фикр юритилган. Бу хусусда вазирликнинг ахборот хизмати хабар бермоқда.

Биламизки, «Хавфсиз шаҳар» комплекси ички ишлар органлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлари ахборот тизимлари, видеокузатув, қоидабузарликларни қайд этиш, объектларни қўриқлаш, эҳтимолий таҳдидларга жавоб қайтариш ҳамда огоҳлантириш тизимлари, интеллектуал таҳлил датчиклари ҳамда навбатчилик-диспечерлик марказлари ва маълумотларни қайта ишлаш марказларининг қоидабузарликлар профилактикаси бўйича бошқа ахборот тизимларини интеграция қилишни назарда тутади.

Учрашувда Ўзбекистонда «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасини амалга ошириш бўйича томонларнинг ўзаро ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинган. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, «Siemens» компаниясининг вице-президенти А.Либеров ўтган йилнинг 15 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ва «Siemens» компанияси техник директори Р.Буш ўртасида учрашув ўтказилгани ва унда «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасини амалга ошириш бўйича англашув меморандуми имзоланганини қайд этди.

Шунингдек, у «Siemens» компанияси Ўзбекистонда бу лойиҳани амалга оширишда иштирок этишдан мамнунлигини билдириб, нафақат пилот лойиҳа, балки лойиҳанинг бутун Ўзбекистон ҳудудида амалга оширилишига хайрихоҳ эканини таъкидланган. Маълумотларга қараганда, лойиҳанинг қиймати аниқлагандан сўнг, уни молиялаштириш, жумладан тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш имкониятлари кўриб чиқилади.

ЎҚИНГ: IUT талабалари Андижонда “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасини амалга оширишда иштирок этдилар

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!