Хавотирли статистика: ярим йилда электросамокатлардан қанча киши жабр кўрган?

  •   DiMaX
  •  415
  •  26.07.2021 12:50

Хавотирли статистика: ярим йилда электросамокатлардан қанча киши жабр кўрган?

Замонавий транспорт воситаларидан бири – электросамокатлар Ўзбекистонда ҳам тобора кўпроқ учрамоқда. Улар арзон, енгил ва қулайлиги билан мотоцикл ёки скутерларга нисбатан яхши қабул қилиняпти. Хўш, улар биз ўйлаганимизчалик хавфсизми?

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi М365 самокати билан ёз ўтади соз! (+видео)

ТАСС ахборот агентлиги Россия Ички ишлар вазирлигига сўров юбориб, айнан электросамокатлар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари борасидаги статистикани олиб эълон қилди. Унга кўра, мамлакатда 2021 йилнинг биринчи ярмида электрик самокатлар иштирокида 180 та ЙТҲ ҳолати қайд этилган. Ушбу аварияларда 56 киши ҳалок бўлган, яна 188 киши эса турли даражалардаги оғирликда жароҳатлар олишган.

Ички ишлар вазирлигининг таъкидлашича, электросамокатларнинг йўл ҳаракатидаги ҳуқуий мақоми ҳозиргача қонунчилик билан расман белгиланмаган. Бу эса йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг улар иштирокидаги ЙТҲларни малакалашларида қийинчилик туғдирмоқда.

Электросамокатни юқори тезлиги туфайли оддий самокат каби пиёдага тенглаштириб бўлмайди. Лекин қонунчиликка кўра бу гаджетни транспорт воситаси сифатида ҳам қайд этишмаган, шу боисдан умумий фойдаланиш йўлларида ҳаракатланишга ҳақли эмас. Натижада эса электросамокатда юрувчилар пиёдалар йўлакларида катта тезликда ҳайдаб, уларга хавф туғдиришмоқда.

Ўзбекистонда электросамокатлар масаласига келсак, Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2017 йил 31 августдаги 683-сон қарори чиққан. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 ноябрдаги 687-сон қарори билан мазкур ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Унга кўра, «Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 4-банди биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилган:

«4. ДЙҲХХ органларида двигатели 50 ва ундан ортиқ куб.см иш ҳажмига эга бўлган ёки конструкциявий тезлиги соатига 50 ва ундан ортиқ километр бўлган автомототранспорт воситалари, электродвигателининг қуввати 4 кВт ва ундан ортиқ ёки соатига 40 ва ундан юқори тезликка эга бўлган электромобиллар (электромотоцикллар, электроскутерлар ва бошқалар), шунингдек, тиркама ва ярим тиркамалар давлат рўйхатидан ўтказилади».

Шу ҳужжатнинг русча матнида «электроскутерлар» сўзи ўрнида «электросамокаты» сўзи қўлланган, бошқа қонун ҳужжатларида «электросамокат» сўзи учрамади.

ЎҚИНГ: Электромобиллар келажаги: электр қачон ёнилғини буткул енгади?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!