Xiaomi 12, 12 Pro ва 12X смартфонлари тақдим этилди

Xiaomi 12, 12 Pro ва 12X смартфонлари тақдим этилди

Барчанинг диққат марказида бўлиб турган Xiaomi 12, Xiaomi 12 Pro ҳамда Xiaomi 12X қурилмалари ниҳоят расман тақдим этилди. 

ЎҚИНГ: Xiaomi 12 ва 12 Pro жонли суратларда 

Xiaomi 12 кутилганидан нисбатан кичикроқ бўлиб чиқди. Қурилмага 6.28 дюймли дисплей ўрнатилган. Snapdragon 8 Gen1 эса қуриламанинг равон ишлашига жавоб беради. 

Xiaomi 12 Pro модели эса 6.73 дюймли LTPO AMOLED дисплейи билан жиҳозланган. Оддий моделга қараганда Pro модель каттароқ ҳажмдаги аккумулятор, тезроқ қувватланиш имконияти ҳамда яхшироқ камераларга эга бўлса, Xiaomi 12X модели Snapdragon 870 чипига эга. Унинг ҳажми ва бошқа техник жиҳатлари Xiaomi 12 смартфонига ўхшаш. 

Xiaomi 12 

Ушбу смартфон Mi 8 қурилмасидан сўнг, энг кичик ҳажмдаги дисплейга эга бўлган флагман бўлди. Албатта, бу кичик ҳажмдаги смартфонларни афзал кўрадиганлар учун айни муддао. 

Қурилмага 120Hz экран янгиланиш частотасида ишловчи Samsung компаниясининг 6.28 дюймли FullHD+ AMOLED дисплейи ўрнатилган. Смартфон экраности бармоқ изи сканери эга бўлиб, Gorilla Glass Victus шишаси экранни турли хил қирилишлардан асрайди. 

Камералар ҳақида маълумот берадиган бўлсак, Xiaomi 12'га асосий камера сифатида Sony компаниясининг 50МП IMX766 сенсори ўрнатилган. Шунингдек, камера модулидан 13МП ультракенг ҳамда 5МП телемакро камералари ҳам ўрин олган. 

Мухандислар қурилманинг платасини кичрайтиришга муваффақ бўлдилар. Бу эса смартфон ичида совутиш тизими ва бошқа компонентлар учун етарлича жой бўлишига имкон берди. 

Ҳажми кичик бўлишига қарамай, смартфонга 4,500 мАс сиғимли аккумулятор ўрнатилган. У 67 ватт тезкор қувватлаш технологияси ва 50 ватт симсиз қувватланиш технологиясини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, қурилма 10 ватт кучланишда ўзидан қувват бериши мумкин. 

Xiaomi 12 янги MIUI 13 график қобиғига ишлайди. Унинг қора, кўк, пушти рангли ҳамда махсус яшил рангдаги эко чармли турлари сотувга чиқади. 

Xiaomi 12'нинг нархлари қуйидагича: 

Xiaomi 12 (8/128ГБ) - 580 доллар

Xiaomi 12 (8/256ГБ) - 628 доллар

Xiaomi 12 (12/256ГБ) - 690 доллар 

Қурилма 31 декабрь санасида сотувга чиқади. 

Xiaomi 12 Pro 

Pro модель 6.73 дюйм 1400p резолюциядаги LTPO AMOLED дисплейига эга. Ушбу дисплей жорий контентга қараб 1-120Hz частотада ишлай олади. Қурилмага ҳам экраности бармоқ изи сканери ўрнатилган бўлиб, экран Gorilla Glass Victus шишаси билан ҳимояланган. Дисплейнинг максимал ёрқинлиги 1500 нитга етиши мумкин. 

Xiaomi 12 Pro'га Sony компаниясининг IMX707 сенсори асосий камера сифатида ўрнатилган. Шунингдек, смартфондан 50 ультракенг ва 50МП телефото камералари ҳам ўрин олган. 

Pro моделда CyberFocus функция бўлиб, у тезкор фокусни ушлаш имкониятини тақдим этади. Xiaomi, бундан ташқари, янги тунги режим алгоритмини ишлаб чиқди. Бу тунги вақтда янада ёруғ суратларни олишга ёрдам беради. 

Қурилма 120 ваттда қуввлат олувчи 4,600 мАс сиғимли аккумулятор билан жиҳозланган. Шунингдек, уни 50 ваттда симсиз қувватлаш ҳам мумкин. Компания смартфонга Surge P1 зарядлаш чипини ўрнатган бўлиб, у аккумулятор қувватини бошқаришга ёрдам беради.  

Xiaomi 12 Pro'нинг нархи қуйидагича: 

Xiaomi 12 Pro - (8/128ГБ) - 738 доллар

Xiaomi 12 Pro - (8/256ГБ) - 785 доллар

Xiaomi 12 Pro - (12/256ГБ) - 848 доллар 

Pro модель ҳам 31 декабрь санасида сотувга чиқади. 

Xiaomi 12X 

Xiaomi 12X сериянинг учинчи аъзоси. Ушбу смартфонни Xiaomi 12'нинг нисбатан арзонроқ версияси десак адашмаган бўламиз. Смартфоннинг кўплаб техник жиҳатлари Xiaomi 12 моделига ўхшаш. Мисол учун, қурилма 120Hz экран янгиланиш частотасида ишловчи 6.28 дюймли дисплей, 50МП асосий камера, 67 ваттда қувват олувчи 4,500 мАс сиғимли аккумулятор билан жиҳозланган. 

Xiaomi 12'дан фарқли томонларига тўхталадиган бўлсак, у Snapdragon 8 Gen1 чипида эмас, балки Snapdragon 870 чипида ишлайди. Шунингдек, Xiaomi 12X моделида ўзидан қувват бериш ҳамда симсиз қувватланиш имкониятлари мавжуд эмас. 

Ўз “акалари“ сингари Xiaomi 12X ҳам қора, кўк ва пушти рангларда тақдим этилди. 

Қурилманинг нархлари қуйидагича: 

Xiaomi 12X (8/128ГБ) - 502 доллар

Xiaomi 12X (12/256ГБ) - 596 доллар 

ЎҚИНГ: Xiaomi янги букланувчи смартфонни ишлаб чиқаради