Xiaomi 12: 2022 йилги Xiaomi флагманидан кутаётган 6 жиҳатимиз

Xiaomi 12: 2022 йилги Xiaomi флагманидан кутаётган 6 жиҳатимиз

Xiaomi Mi 11 смартфони Snapdragon 888 чипида ишловчи илк қурилма бўлган эди. Девайс 2020 йил декабрда тақдим қилиниб, 2021 йил бошида глобал бозорда пайдо бўлганди. Xiaomi'нинг бу флагмани бир неча ажралиб турувчи жиҳатлар, жумладан, QHD+ 120Hz OLED экран, Harman Kardon созламали карнайлар ва тезкор симли ҳамда симсиз қувватлаш имконига эга.

ЎҚИНГ: 2021 йилнинг энг кутилаётган 5 смартфони

Бироқ бу дегани яхшиланиши керак бўлган жиҳатлар йўқ дегани эмас. Xiaomi бир неча томондан смартфонни янада такомиллаштириши мумкин. Қуйида Xiaomi 12 смартфонида бўлишини кутаётган бир неча хусусиятимиз ҳақида тўхталиб ўтамиз.

1. Сувга чидамлилик

Xiaomi ўз смартфонларини сувдан тўлақонли ҳимоялаш фикрига шу йилгача қарши бўлиб келган. Бироқ Mi 11 Ultra ва фақат Хитой учун чиқарилган Mi 11 Pro смартфонлари бу тенденцияни ўзгартириб, чанг ва сувдан ҳимоянинг IP68 даражасига эга бўлди. Афсуски, стандарт Mi 11 эса IP67 ёки IP68 кўрсаткичига эга эмас.

2022 йилда сувдан ҳимоя стандарт Xiaomi 12'га ҳам жорий қилинишига умид қиламиз. Боиси, ҳозирда арзонроқ флагман ва ўрта тоифа смартфонлар ҳам сувдан ҳимояланган қилиб чиқарилмоқда. Масалан, Samsung Galaxy S20 FE, Google Pixel 5, T-Mobile OnePlus 9 ва Google Pixel 5a'ларнинг барчаси IP67 ёки IP68 даражасига эга.

2. Телефото ёки перископ камера

2020 ва 2021 йилларда Pro версия бўлмаган флагманларга телефото/перископ камералар қўйилмади. Mi 11 ҳам — худди OnePlus 9, Mi 10 ва Pro бўлаган iPhone'лар каби — бундан мустасно эмас. Бунинг ўрнига арзонроқ макро, монохром ва сатҳ камералар ўрнатилди.

Xiaomi 12'да зумга эътибор қартилишини хоҳлар эдик. Бундан ташқари, телефото ёки перископ камера ҳам тасвир сифатини оширади. Xiaomi 3х телефото камерани ўрнатса ҳам, гибрид зум технологияси сабаб расмлар сифати сезиларли ошишини кутиш мумкин.

3. Уч йил давомида тизим янгиланиши

Samsung ўтган йили ўз смартфон ва планшетларига уч йил давомида Android янгиланишини жўнатишини маълум қилиб, катта янгилик киритган эди. Булар қаторига барча яқинда чиққан флагман ва бир неча ўрта тоифа смартфонлар киради.

Лекин, афсуски, Xiaomi ҳали бундай ваъда берганича йўқ. Бироқ ҳеч бўлмаса, флагманларни уч йиллик тизим янгиланиши билан таъминлаш сиёсатини жорий қилишнинг вақти аллақачон келиб бўлди. Ахир, Oppo, vivo ва OnePlus'лар ҳам юқори синфга мансуб қурилмаларини уч йилгача ОТ янгиланиши билан янгилаб боради.

4. Айни нарх (арзон бўлса, яна яхши)

Нархи 749 евродан бошланувчи стандарт Mi 11 2021 йилнинг энг арзон Snapdragon 888 смартфони эмас. Лекин қурилма Европада Galaxy S21'дан арзон, S20 FE билан эса деярли бир хил нархга эга. Компаниянинг келаси йили нархларни оширмаслиги яхши янгилик бўларди.

Агар Xiaomi ҳеч бир хусусиятни олиб ташламасдан Xiaomi 12'ни арзонроқ қилиб чиқарса, нур устига аъло нур бўларди. Қурилманинг ҳатто 50 еврога арзонлашуви ҳам сезиларли ўзгариш бўлади. Ахир, Galaxy S20 FE телефото камера ва сувдан ҳимояни рақобатдош нархни ушлаб турган ҳолда ҳам жорий қилса бўлишини исботлаб берди-ку.

5. Зарядчикни қадоқ таркибидан олиб ташламаслик

Mi 11'ни Хитойда сотишни бошлаганида Xiaomi фойдаланувчилар хоҳласа зарядчикни текинга олишлари, хоҳламаса, ўзларининг олдинги қувватлагичидан фойдаланиши мумкинлигини айтганди. Яхши томони шуки, зарядчик олсангиз ҳам, олмасангиз ҳам, нарх ўша-ўша. Хайриятки, глобал бозорда Mi 11 қурилмалари қувватлагич билан сотилди.

Xiaomi 12 смартфонлари қадоғи таркибида зарйдачик сақлаб қолинишини хоҳлар эдик, айниқса, Samsung ва Google сингари компаниялар тескари йўлдан кетаётган айни пайтда. Бироқ компания зарядчикларни олиб қўйган тақдирда ҳам, уларни арзон сотиши ёки текинга беришига умид қилиб қоламиз. Чунки биргина адаптер учун осмон нархини қўйган компаниянинг табиат борасидаги хавотирларига ишониш қийин.

6. Каттароқ (лекин кўпроқ эмас) пикселлар

Mi 11 108 МП асосий камера билан дебют қилинган эди. Бу яхши ёритилган шароитларда тўлиқ резолюция билан ҳам тасвир деталлга бой чиқишини таъминлаб беради, бироқ сифат паст ёритилган ҳолатларда тушиб кетади.

Mi 11 Ultra билан эса Xiaomi бошқа усулни қўллади ва 50 МП Isocell GN2 камерасини асосий камера сифатида ўрнатди. Камера, шунингдек, каттароқ 1.4-микрон пикселларга ҳам эга бўлди. Натижада, паст ёруғликда ҳам расм ва видеолар сифатли чиқади. Тўлиқ резолюцияда олинган кадрларда ҳам шовқин кам бўлади.

Паст ёруғлик имкониятларига қўшимча равишда, Mi 11 Ultra'нинг 50 МП камераси 108 МП линзадан кўра яхшироқ автофокус имкониятига ҳам эга. Шундай қилиб, Xiaomi 12 смартфони кичикроқ мегапикселли, лекин каттароқ сенсорли бўлишини хоҳлардик, худди Mi 11 Ultra'даги каби.

ЎҚИНГ: Xiaomi Redmi 10'нинг техник жиҳатлари ва қадоқ таркиби билан танишамиз

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.