Xiaomi аллақачон Mi 7’ни тайёрламоқда! (+суратлар)

  •   DiMaX
  •  2466
  •  04.09.2017 11:59

Xiaomi аллақачон Mi 7’ни тайёрламоқда! (+суратлар)

«Хитойча Apple» ўзининг амалдаги флагман смартфони – Mi 6 моделини шу йилнинг апрелида тақдим этган эди. Орадан ҳали олти ой ҳам ўтмай туриб, Xiaomi Mi 7 смартфонининг хусусиятлари ва тақдим этилиш санаси ҳақида миш-мишлар тарқалди.

Маълумот манбаси

Хитойлик инсайдерлардан бири Weibo тармоғида мазкур флагман ҳақида пост қўйган, деб ёзади GizmoChina.

Бошқа интернет-нашрлар, жумладан, русийзабон сайтларда ҳам бу ҳақда маълумотлар тарқалаётир. Уларнинг айримлари эса, ҳатто янги смартфоннинг тахминий суратларини ҳам эълон қилишган:

Хусусиятлари қанақа?

Хабарда айтилишича, Mi 7 флагманига илғор Snapdragon 845 чипсети ўрнатилади. Шунингдек, «сизиб чиққан» хабарларга кўра, Xiaomi’нинг бу модели Samsung ишланмаси бўлган, диагоналига 6 дюйм узунликка эга OLED-дисплейи билан жиҳозланади.

Трендга кўра, компания экранни максимал даражада ромсиз қилади. Шу тариқа, смартфонда «Уйга» тугмачаси ҳам бўлмаслиги эҳтимоли юқори. Бироқ қурилмада бармоқ изи сканери қаерда жойлаштириши ҳозирча ноаниқ.

Шу билан бирга, Xiaomi Mi 7 модели тезкор хотирасининг ҳажмига кўра икки хил – 6 ГБ ва 8 Гблик талқинларда ишлаб чиқарилса керак. Унинг асосий камераси ҳам, ҳозирда урфга кирганидек, қўшалоқ модулли бўлиши тахмин қилинаётир.

Xiaomi бу девайсининг корпусни шиша ва керамикадан ясаши ҳам айтилмоқда.

Хўш, қачон унда?

Xiaomi Mi 7’нинг тақдимот санаси масаласига келсак, у кейинги йилнинг биринчи чорагида кенг оммага намойиш этилади. Эсингизда бўлса, компаниянинг Mi 5 модели 2015 йилнинг, Mi 6 эса 2017 йилнинг апрель ойларида савдога чиқарилган. Бироқ Mi 7’нинг сотувга сал эртароқ – 2018 йилнинг январидан то мартигача бўлган муддатда чиқарилиши мумкин.

Кейинги йилнинг бир қатор флагманлари, масалан, Samsung Galaxy S9 ва LG G7 моделлари ҳам бирмунча эрта тақдим этилиши режалаштирилган.

 «Хитойча Apple»нинг бўлажак флагмани нархи ҳам Xiaomi Mi 6 модели нархларидан унча катта фарқ қилмаслиги эҳтимоли юқори, дейилади хабарларда.