Xiaomi амаллади: оммабоп смартфонларга Android 10 прошивкаси кела бошлади!

  •   DiMaX
  •  2284
  •  02.03.2020 08:59

Xiaomi амаллади: оммабоп смартфонларга Android 10 прошивкаси кела бошлади!

Эсингизда бўлса, коронавирус эпидемияси сабабли Xiaomi компанияси ўз смартфонлари учун тизим янгиланишларини тайёрлаб тарқата олмаётган эди. Кеча – 1 март куни чиққан хабарларга кўра, у буни барибир уддалабди.

ЎҚИНГ: Xiaomi ва Redmi'нинг тўртта модели янги хусусиятга эга бўлади

Xiaomi иккита оммабоп модели учун Android 10 операцион тизим талқинидаги прошивкани тарқата бошлаган. Булардан биринчиси Android One дастури доирасида «тоза» тизим билан чиқарилган Mi A3 бўлса, иккинчиси – Redmi Note 8 Pro моделига эса ушбу янгиланиш MIUI 11 график қобиғи билан тақдим этилган.

Ҳар иккала смартфонга ҳам ўнинчи авлод Android апдейти дунё бўйлаб босқичма-босқич тарқатила бошлаган ва Wi-Fi орқали ўрнатиш мумкин бўлади. Лекин шошилганлар учун XDA-Developers ресурсига прошивка файллари ҳам жойланган – тажрибали фойдаланувчилар уларни юклаб олиб, рекавери режимида ўрнатишлари мумкин.

Xiaomi Mi A3 учун прошивка 1,3 гигабайтлик ҳажмга эга ва уни мана бу ҳавола орқали кўчириб олиш имкони бор. V11.0.7.0.QFQMIXM техник рақамли ушбу апдейт Xiaomi устқурмаларисиз, фақат смартфон моделига мослаштирилган «тоза» Android 10 тизими ҳисобланади.

ЎҚИНГ: Redmi 9, Redmi Note 9 ва Note 9 Pro тақдимоти олдидан Redmi K30 5G арзонлашди!

Redmi Note 8 Pro модели бир неча ҳафтадан бери энг оммабоп смартфонлар рейтингидан тушмай келаётир. Унинг учун ўнинчи авлод «яшил роботчали» тизим асосидаги прошивка ҳозирча Европа, Россия ва Покистондаги фойдаланувчиларга «ҳаво орқали» тарқатилмоқда.

Кутишни истамаганлар эса ушбу ҳавола ёрдамида унинг 1,9 гигабайтлик прошивка файлини кўчириб олсалар бўлади. Мазкур апдейтга янгиланган операцион тизимдан ташқари, Xiaomi иловаларини ўз ичига олган MIUI 11 график қобиғи, шунингдек февралдаги хавфсизлик патчлари ҳам кирган.

Эслатиб ўтамиз, прошивка файлини кўчириб олиб, рекавери режими орқали ўрнатиш бирмунча мураккаб жараён бўлиб, агарда бу борада тажрибангиз бўлмаса, ушбу ишни устасига топширганингиз ёки янгиланишнинг «ҳаво орқали» келишини кутганингиз маъқул.

ЎҚИНГ: «ЖОНЛИ» ТЕСТ ВИДЕОСИ: iPhone 11 Pro Max кучлими, ёки унинг ярим нархидаги Xiaomi Mi 10 Pro?