Xiaomi Apple’нинг спорт соатидан 5 марта арзон илк смартвочини тақдим қилди

Xiaomi Apple’нинг спорт соатидан 5 марта арзон илк смартвочини тақдим қилди

Xiaomi компанияси Weloop Hey 3S номли илк “ақлли” соат моделини намойиш қилди. Мазкур гаджет тўлиқ қувват билан узоқ вақт фаолият кўрсатиши ҳамда 50 метргача бўлган сув остида ҳам яхши фаолият кўрсатиши билан ўзига хосдир. Аниқроғи, ушбу смартвоч тўлиқ қувват билан 30 кун давомида беминнат хизмат қилади. Ёки GPS тармоғини ёқиб қўйиб, 25 соат мунтазам машқ қилиш мумкин.

Спорт ва жисмоний машғулотларга мўлжалланган Weloop Hey 3S кўринишидан 400 АҚШ долларидан сотилаётган Apple Watch Sport’ни эслатиб юборади. Қурилмада 1,28 дюймли сенсор дисплей ўрнатилган бўлиб, у 176 × 176 пикселлар сиғимига эга. LCD экран Corning Gorilla Glass 3 ҳимоя шишаси билан қопланган.

Соатда акселерометр, гироскоп, электрон компас, юрак уришини назорат қилувчи сенсорлар, GPS/ГЛОНАСС каби сунъий йўлдошли навигация тизимларининг модуллари ҳамда Bluetooth 4.2 технологияси ўрнатилган.

Weloop Hey 3S машғулотлар чоғида, дейлик велосипедда сайр қилганда юрак уришини, сарф қилинган калория миқдорини, қадамни, босиб ўтилаётган маршрутни қайд этиб боради. Шунингдек, қурилма манзил билан оралик ва тезликни ҳам аниқлайди.

Weloop Hey 3S ёрдамида уйқуни режалаштириш, кириш қўнғироқлари ва хатларни кўриш, мусиқани бошқариш мумкин. Смарт-соат Bluetooth 4.2 ёрдамида смартфонга уланади. Натижада, қўнғироқлар ёки ижтимоий тармоқдаги огоҳлантиришлар тўғрисида хабарлар билан танишиш мумкин бўлади. Шунингдек, фойдаланувчининг жисмоний ҳолати мобил иловада ҳам қайд этиб борилади.

Weloop Hey 3S тасмаси қўлга таққанда терига ёпишиб, ноқулайлик туғдирмаслиги учун ҳаво ўтказувчи дизайнда ишлаб чиқарилган. Комплектда соат билан бирга магнитли қувватлаш қурилмаси ҳам мавжуд.

Ўлчамлари: 46,21 × 35,66 × 11,15 мм. Weloop Hey 3S $78 доллардан сотувга чиқарилади.