Xiaomi барча Android-смартфонлар учун қулай ва бепул Mint Launcher’ни намойиш қилди

  •   DiMaX
  •  2535
  •  25.03.2019 12:01

Xiaomi барча Android-смартфонлар учун қулай ва бепул Mint Launcher’ни намойиш қилди

«Хитойча Apple» нафақат турли-туман электроника маҳсулотлари ва «ақлли» уй жиҳозлари, балки турли дастурий таъминотлари билан ҳам танилган. Жумладан, ўтган йилнинг охирида у тезкор, тежамкор, хавфсиз ва рекламасиз Mint браузерини тақдим этганди.

ЎҚИНГ: Survival Game’ни қарши олинг: Xiaomi ҳам PUBG ва Fortnite каби ўйин тақдим этди!

Xiaomi энди янги дастури – Android тизимли смартфонларга мўлжалланган Mint Launcher график интерфейсини намойиш этди. Компаниянинг таъкидлашича, «ялпиз таъмли» лаунчер «юқори тезликда ишлаши ва хавфсизлиги» билан ажралиб туради.

Mint лаунчерида асосий экран – «иш столи»даги белгичаларни таҳрирлаш имкони мавжуд – жумладан, белгичанинг ўлчами ва ташқи кўринишини ўзгартирса бўлади. Шунингдек, смартфонга ўрнатилган дастурлар менюсида уларни тоифаларга ажратиш мумкин. Булардан ташқари, созламалар орқали белгичани яшириб қўйиш, бошқариш учун имо-ишоралардан фойдаланиш, қулай қидирув, бош экран тасвирларининг алмашинишида турли эффектларни қўллаш кабилар ҳам кўпчиликка маъқул келади.

Xiaomi Mint Launcher’нинг ҳажми атиги 10 мегабайтга яқин, уни Android 5.0 ва ундан кейинги талқинларда ишловчи смартфонларга ўрнатиш мумкин. Компания бу дастурини Google Play’га жойлаган, аммо турли сабабларга кўра айрим моделларга уни мазкур иловалар каталогидан юклаб олиб бўлмайди. Шу боис Mint Launcher’нинг APK-файлини мана бу ҳавола орқали кўчириб олиб, ўзингиз ўрнатишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Barephone – Android-смартфонлар учун минималистик услубдаги бепул лаунчер

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!