Xiaomi барча смартфонларига MIUI 12 прошивкаси тарқатилишини вақтинча тўхтатяпти

  •   DiMaX
  •  1296
  •  20.06.2020 15:58

Xiaomi барча смартфонларига MIUI 12 прошивкаси тарқатилишини вақтинча тўхтатяпти

Яқинда 16 хил русумдаги Xiaomi смартфонлари мунтазам MIUI 12 янгиланишларидан маҳрум этилаётгани ҳақида ёзгандик. Энди эса компания ушбу график қобиқ асосидаги янги прошивкаларнинг ҳеч бир қурилмасига тарқатмай турмоқчи.

ЎҚИНГ: Xiaomi иккита смартфонига барқарор MIUI 12, яна бирига эса аллақачон MIUI 12.0.1 прошивкасини тарқатяпти!

Аксарият ҳолларда график қобиқдаги бирор нуқсон сабабли шунақа тўхтатиб туришлар бўлар эди. Лекин хавотирга ўрин йўқ – бу галги танаффусга хавфсизлик тирқиши ёки бирор бошқа камчилик сабабчи эмас.

Гап шундаки, MIUI устидаги ишланмалар ҳамда янгиланишларнинг тарқатилиши Хитойдаги анъанавий Аждар қайиқлари байрами муносабати билан тўхтатиб туриляпти. Бу байрам 25 июнь куни бўлиб ўтади, лекин Xiaomi ва Redmi смартфонларидаги прошивка янгиланишларида ўша кундан то 3 июлгача танаффус бўлади.

Шу билан бирга, Redmi Note 8 моделининг Android 10 тизимига янгиланиши масаласи ҳам ойдинлашди. Ушбу смартфон мазкур операцион тизим талқинигача янгилана бошлаган, аммо кутилмаганда тўхтатиб қўйилган эди. Компаниянинг маълум қилишича, апдейтнинг узатилиши «йирик баглар» сабабли тўхтатилган. Шу сабабли ушбу русумдаги смартфонлар эгалари июлнинг иккинчи ярмига борибгина Android 10, кейинроқ эса MIUI 12 прошивкасини қабул қилишлари мумкин бўлади.

Дарвоқе, Xiaomi смартфонларининг глобал прошивка, глобал версия ва хитойча версиялари, уларнинг ўзаро фарқи ҳақида мана бу мақоламиздан батафсил маълумот оласиз.

ЎҚИНГ: Фақат мана шу смартфонларгина MIUI 12’нинг турли янги имкониятларига эга бўлар экан!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!