Xiaomi барибир биринчи: 64 МПлик камерали илк смартфон – Redmi Note 8 (ёки Redmi 7 Pro) тақдимоти эълон қилинди!

  •   DiMaX
  •  2263
  •  05.08.2019 10:11

Xiaomi барибир биринчи: 64 МПлик камерали илк смартфон – Redmi Note 8 (ёки Redmi 7 Pro) тақдимоти эълон қилинди!

Samsung рекорд аниқликдаги – 64 мегапикселлик ISOCELL Bright GW1 оптик датчигини тақдим этгач, камерасида уни қўлловчи биринчи смартфон Galaxy A70S модели бўлиши ҳақида хабар чиққанди. Бироқ айни шу модул бўйича биринчилик учун бирйўла иккита хитойлик – Realme ҳамда Redmi ҳам майдонга тушгач, вазият ўзгарди...

ЎҚИНГ: 64 мегапикселлик камерали илк смартфонни Samsung чиқармоқчи эди, лекин...

Куни кечагина биз Oppo компаниясининг жадал ривожланиб келаётган Realme суббренди Xiaomi’ни доғда қолдириб, 64 мегапикселлик камерали смартфонни 8 августдаёқ тақдим этаётгани ҳақида хабар бергандик. Аммо «хитойча Apple» тезда отни қамчилаб қолди: арзончи бренднинг ISOCELL Bright GW1 датчикли Redmi Note 8 камерофони ундан бир кун олдин – 7 августда намойиш этиляпти!

Қуйидаги тизер сурати шунга ишора қилмоқда:

Тўғри, мазкур анонсда янги смартфоннинг айнан 64 мегапикселлик камерага эга экани ёзилмаган, аммо «IMAGES OF THE FUTURE» («КЕЛАЖАК СУРАТЛАРИ» ёки «КЕЛАЖАКДАН КЕЛГАН СУРАТЛАР») ёзуви ҳамда охирги тарқалган хабарлар бунга тўлалигича асос бўлади.

ЎҚИНГ: Redmi камераси 64 МПлик биринчи смартфонини ва унда олинган расмни эълон қилди

Шунингдек, юқоридаги тизерда ушбу смартфоннинг Redmi Note 8 деб номланиши ҳам кўрсатилмаган. Лекин шу моделнинг тайёрланаётганини яқиндагина Redmi бренди раҳбари Лю Вейбинг (Lu Weibing) шахсан тасдиқлаган. Weibo ижтимоий тармоғида фойдаланувчилардан бири ундан Redmi Note 8 тақдимотига тайёргарлик қандай кетаётгани ҳақида сўраган. Топ-менежер эса тахминан шундай жавоб берган: «У рақобатчиларидан анчагина кучли, ишонаверинг». Рақобатчи смартфонларда ҳали 64 мегапикселлик камера йўқлигини ҳисобга олсак, 7 августда кўрсатиладиган қурилма айни шу Redmi Note 8 бўлиб чиқиши ойдинлашади.

Яна бир тахминга кўра, бош камерасида ISOCELL Bright GW1 оптик датчиги қўлланаётган бу смартфон Redmi 7 Pro модели сифатида тақдим этилади. Нима бўлганда ҳам, атиги икки кундан сўнг барчасига ойдинлик киритилади – Terabayt.uz сайтини кузатишда давом этинг.

Ҳозиргача глобал бозорга турли русумлардаги Xiaomi телефонларини эса 590 000 сўм дан бошланувчи нархларга Terashop.uz интернет-дўконимиздан сотиб олиш мумкин.

ЎҚИНГ: Redmi 7 Pro – кечагина тақдим этилган бақувват процессорли илк смартфонни августдаёқ кўрамиз!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!