Xiaomi "байроқдор" ўйин-смартфони ҳақида эълон қилди

Xiaomi

Сўнгги икки ойдан буён ижтимоий тармоқларда Xiaomi компанияси Blackshark номли кучли ўйин-смартфонининг тайёрлаётгани ҳақида хабарлар қизғин муҳокама қилиб келинмоқда. Расмий манбалар ҳам бу смартфон кучли техник жиҳатларга эга бўлишини маълум қилишган.

Шу йилнинг февралида AnTuTu бенчмаркида Xiaomi’нинг илк геймер-смартфони 270680 балл тўплаган эди.

Жорий ойда Blackshark смартфони Geekbench’да имтиҳон топшириб, якка ядро билан ишлашда 2452 балл, кўп ядроли синовда эса 8452 балл тўплаган эди.

Шу тарзда Blackshark ҳали тақдим қилинмасиданоқ ўйинбоп смартфонлар рекордчисига айланган.

Бугун эса Хитойнинг меҳнаткаш смартфон ишлаб чиқарувчиларидан бўлган Xiaomi корпорацияси Weibo тармоғидаги расмий саҳифасида Blackshark телефонига хос жиҳатларни эълон қилди.

Ишлаб чиқарувчининг сўзларига кўра, жаҳондаги илк ўйин ўйнашга мўлжалланган ҳақиқий мобил қурилма бўлади.

Xiaomi бу гаджетга ҳозирда илғор бўлиб турган Qualcomm Snapdragon 845 процессорини ўрнатган. Мазкур чип 2,8 ГГц.гача такт частотасида ишловчи саккизта ядрони, Adreno 630 видео картасини ҳамда энг янги – 1,2 Гбит/сония тезлигида маълумот алмашиш имконини берувчи Snapdragon X20 LTE модемини ўзида бирлаштирган. Бу имкониятлар билан смартфон ҳар қандай илова ҳамда ўйинни қийналмай юклайди ва график-тасвирларни осон қайта ишлайди.

Шу билан бирга, Xiaomi Blackshark аппаратининг экран диагонали 5,5 дюймли бўлади. Унинг пиксел сиғими 2160 га 1080 та пиксел (FHD+)ни ташкил қилади. Экраннинг томонлар нисбати ҳам ўйин ўйнаш учун қулай -- 18:9 стандартли.

Тезкор хотира ҳайратомуз -- 8 гигабайтли, доимий хотира эса керагидан зиёд -- 256 гигабайтли.

Snapdragon X20 LTE модеми 4G тармоғида гигабит тезлигидаги мобил интернет учун айни муддао. Xiaomi Blackshark Wi-Fi 802.11ac (2,4 ГГц + 5 ГГц), Bluetooth 5.0 LE, A-GPS ва NFC модуллари билан таъминланган.

Компания тез орада Blackshark смартфонини расман тақдим этишни ваъда қилмоқда. Экспертларнинг фикрига кўра, бу модел шу йилнинг иккинчи ярмида тақдим қилинади.

Blackshark қадоқдаёқ Android 8.0 Oreo операцион тизимининг ўзлаштирилган MIUI 9.5 прошивкаси бошқаруви остида ишлайди.

Ва, албатта бу геймерофонга энг юқори даражада автономликни таъминлай оладиган ва тезкор қувватлаш мумкин бўлган сиғимдор батарея ҳам қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, Xiaomi компанияси Black Shark («Қора акула») номли янги бўлинмани ишга туширган ҳамда мазкур бўлинма смартфон бозоридаги энг кучли флагманларга қарши смартфонлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.