Xiaomi Black Shark – суюқликли совитиш тизими, махсус геймпад ва ўйин режимига эга ҳақиқий геймерофон!

  •   DiMaX
  •  2682
  •  13.04.2018 19:30

Xiaomi Black Shark – суюқликли совитиш тизими, махсус геймпад ва ўйин режимига эга ҳақиқий геймерофон!

Аввал хабар берганимиздек, Xiaomi компанияси бугун – 13 апрелда ўзининг Black Shark номли илк ўйинбоп смартфонини расман намойиш этди. Айтиш керакки, корпорациянинг шу каби қурилмалар яратиш билан шуғулланувчи янги бўлинмаси ҳам айнан шундай номланади.

Гарчи ўйинлар учун мўлжалланган илк смартфонни ўтган йили Razer компанияси ишлаб чиқарган бўлса-да, Xiaomi бу борада янги босқичга кўтарилди. Razer Phone – биринчи ўринда телефон, аммо геймерлар учун фойдали бир қанча жиҳатларга эга.

ЎҚИНГ: Razer Phone: геймерлар смартфонининг барча хусусиятлари тақдимотдан бир кун аввал фош бўлди

Black Shark эса – битта қарагандаёқ айнан ўйин қурилмаси экани сезиладиган, ҳақиқий геймерофон!

Кўриб турганимиздек, «Қора Акула»нинг дизайни бетакрор ва эсда қолувчан. Аммо бу унинг габаритига ҳам таъсир этган: гаджетнинг корпуси ўлчамлари 161,6х75,4х9,25 миллиметрга, вазни эса 190 граммга тенг. Телефон корпуси металл гардишга эга, унда анъанавий – қурилмани ўчириб-ёқиш ҳамда товушини созлаш тугмачаларидан ташқари, махсус SharkSpace тугмачаси ҳам ўрин олган. У айнан ўйинларга мосланган – юксак самарадорлик режимини улайди; бунда ўйин ўйнашга халақит берувчи барча функцияларни, жумладан – овозлар ва билдиришномаларни ҳам ўчириб қўяди.

Бундан ташқари, Black Shark моделида суюқлик билан ишловчи махсус совитиш тизими ҳам мавжуд. У нафақат процессорнинг ҳароратини пасайтириб, балки умуман смартфон қизиб кетишининг олдини олиб туради. Компаниянинг таъкидлашича, бу тизим процессор ҳароратини Цельсий бўйича 8 даражагача пасайтира олади, натижада эса унинг самарадорлиги нақ 70 фоизгача ошади.

Black Shark экранининг ўлчами диагоналига олти дюймга тенг, тасвир аниқлиги эса Full HD+ форматида – 2160х1080 пикселли. Умуман олганда, бу дисплей Razer смартфонидаги каби – 120 герцлик кадр янгиланиш частотасига эга. Шунингдек, у 550 кд/м2 даражада максимал ёрқинликка эгалигини алоҳида таъкидлаш ўринли.

Xiaomi геймерофонининг асосий ўзига хослиги, афтидан, алоҳида қўшилувчи бошқарув модули – ўйин контроллери бўлса керак. Game Dock деб аталувчи ушбу геймпад смартфон билан Bluetooth орқали боғланади. Бу қурилмада геймерларга яхши таниш бўлган аналогли стик, триггер каби элементлар жойлашган. Геймпадни улаганда экраннинг қўллар билан ёпилиш даражаси камаяди. Тўғри, алоҳида конроллер қўллаш ва экранни тўлалигича ўйин контентига қолдириш мумкин, аммо бунақа ечим анча бесўнақай. Xiaomi’нинг Black Shark учун махсус чиқарган контроллери – Game Dock эса, қулай бўлишдан ташқари, ўзининг алоҳида аккумуляторига ҳам эга. Ишлаб Компаниянинг таъкидлашига кўра, унинг қуввати тахминан 30 соатлик ўйин ўйнашга етарли!

Ишлаб чиқарувчининг даъво қилишича, «Қора Акула»нинг ҳатто стереодинамиклари ва X-Type туридаги антеннаси ҳам «ақлли»! Аммо бу билан Xiaomi айнан нимани назарда тутганлиги ҳозирча аниқ эмас.

Аниқ бўлган жиҳатлари эса шундаки, Black Shark смартфони қадоқдаёқ Android 8.0 Oreo операцион тизим талқинида ишлайди. Аммо, одатдаги Xiaomi смартфонларидан фарқли равишда, унга MIUI эмас, балки Joy UI график қобиғи «кийдирилган». Ишлаб чиқарувчининг ваъдасига кўра, апрель ойининг охирларидаёқ унинг учун янгиланиш тақдим этилади. Ўшанда смартфонда дастурий таъминот даражасидаги Face Unlock юз сканери ҳам ишга тушади.

Black Shark техник хусусиятлари флагман даражасида: 8 ядроли илғор Snapdragon 845 процессори Adreno 630 график тезлатгичи билан кучайтирилган. Телефон тезкор хотираси 6 ва 8 гигабайт, UFS 2.1 турига мансуб флэш-хотираси эса 64 ва 128 гигабайт ҳажмли талқинларда чиқарилади. Аккумулятори ҳар иккала ҳолатда ҳам 4000 мА/соат сиғимли, у Quick Charge 3.0 технологиясига кўра тезкор тўлдирилади. Xiaomi’нинг таъкидлашича, бу батарея қуввати Kings of Glory (Arena of Valor) ўйинини 5 соат ёки PUBG Mobile’ни 4 соат ўйнашга етади!

Асосан геймерларга мўлжалланган бўлса-да, Xiaomi ушбу қурилмасининг камераси борасида ҳам зиқналик қилмаган. Бош камера F/1.75 диафрагмали иккита – 12 ва 20 мегапикселли модулларни ҳамда ёрқин фоточақноқни ўз ичига олган. Селфи ишқибозларга атаб эса экраннинг тепасига 20 мегапикселли олд камера қўндирилган.

Смартфонда NFC модули ҳамда анъанавий 3.5 миллиметрлик қулоқчин тирқиши йўқлигини ҳам адолат юзасидан айтиб ўтиш керак. Бироқ гаджет замонавий USB Type-C порти ҳамда иккита SIM-карта уячаси билан таъминланган. Экраннинг остидаги «Уйга» тугмачасига эса бармоқ изи сканери ҳам жорий этилган.

Xiaomi Black Shark учун олдиндан буюртма олиш аллақачон бошланган, уларни етказиб бериш эса 20 апрелдан бошланади. Унинг бошланғич модификациядаги – 6/64 гигабайтлик хотирага эга талқини фақат қора рангда тақдим этилади ва нархи 2999 юанни (тахминан 480 АҚШ долларини) ташкил этади. Геймерофоннинг 8/128 гигабайт хотирали илғор модификациядаги талқинини эса қора ёки кул ранг корпусларда, 3499 юань (560 доллар) нархида харид қилиш мумкин.

Дарвоқе, Game Dock геймпади смартфон жамланмасида келмайди, уни алоҳида сотиб олиш керак бўлади. Уни ҳам 20 апрель санасидан, 179 юань (тахминан 29 доллар) нархида савдога чиқаришади.

Айтиш керакки, Xiaomi Black Shark – «Қора Акула»га рақобатчи сифатида ZTE корпорациясига қарашли Nubia компанияси ҳам қудратли ўйинбоп смартфон тайёрлаган. Red Devil, яъни «Қизил Иблис» номли бу геймерофон 19 апрель куни расман тақдим этилади.

ЎҚИНГ: Black Shark рақиби – Nubia Red Devil смартфонининг ҳам тақдимот санаси айтилди

Хулласи калом, Xiaomi Black Shark – ҳақиқий геймерлар учун атайлаб чиқарилган, ҳар қандай «оғир» ўйинларни ҳам қизиб кетмасдан узлуксиз 5 соатгача ўйнаш мумкин бўлган, махсус геймпадга эга қудратли смартфондир.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

 Афзаллиги

 Камчилиги

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!