Xiaomi бу йил қанча смартфон сотганини маълум қилди

Xiaomi бу йил қанча смартфон сотганини маълум қилди

Xiaomi компанияси жорий молиявий йилнинг биринчи ярим йиллиги бўйича ҳисоботини эълон қилди. Натижлар қониқарли. Компания тушуми ушбу давр оралиғида 13,56 млрд АҚШ долларига тенг бўлди. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20% лик ўсиш демакдир. Бундан соф даромад 810,36 миллион долларни ташкил этмоқда (йиллик 49,8 фоизлик ўсиш).

Телефонлар экспортига назар ташласак, глобал бозорда ўсиш бўлмаётганига қарамай, Xiaomi жорий давр ичида 60 миллион дона смартфонни ташқи бозорда сотганлигини кўришимиз мумкин.

Смартфонлар бизнесидан ташқари, компаниянинг телевизорлар ишлаб чиқаришга қаратилган фаолияти ҳам ўзини оқлади. 2019 йил биринчи ярим йиллик даврида, Xiaomi ички бозордаги 5,4 миллион дона ойнайи жаҳонлар савдоси билан Хитойдаги биринчи рақамли, бутун дунёдаги эса бешинчи рақамли телевизор ишлаб чиқарувчиси бўлди.

Компания Бош ижрочи директори Леи Жун ушбу кўрсаткичлардан мамнун эканлигини таъкидлаб, Xiaomi ўзининг 5G ва Интернет нарсалар (IoT) технологияларини кенгайтиришда давом этиши ҳамда илмий-тадқиқот ишларига янада кўпроқ маблағ йўналтиришини маълум қилди. Сармоялар ҳақида гапирар эканмиз, айтиш керакки, компаниянинг илмий-тадқиқот ишларига қилган харажати 2019 йилнинг жорий давригача 467,44 миллион долларни ташкил қилди. Таққослаш учун, бу ўтган йилдагига қараганда 30% кўп харажатдир.

Компаниядагилар, шунингдек, Xiaomi'нинг IoT ечимлари айни дамда глобал миқёсда 196 миллион дона қуриламада ишлаётгани билан ҳам мақтанмоқда. Интернет хизматларидан тушган даромад ўтган йилнинг биринчи ярим йиллигига қараганда 108% га ошиб, ҳозирда 1,25 миллард долларни ташкил этмоқда.

ЎҚИНГ: Оммалашган Xiaomi ҳақида оммалашмаган маълумотлар

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!