«Xiaomi, четроқ тур!» – 367 долларлик Realme X2 Pro флагмани тақдим этилди!

  •   DiMaX
  •  2996
  •  15.10.2019 15:36

«Xiaomi, четроқ тур!» – 367 долларлик Realme X2 Pro флагмани тақдим этилди!

Oppo корпорациясининг суббренди бугун Хитойда ўзининг флагмани – Realme X2 Pro смартфонини тақдим этди. Унинг хусусиятлари кутилганидан ҳам юқори бўлиб чиқди!

ЎҚИНГ: Realme X2 Pro чиндан ҳам Geekbench тестида Redmi Note 8 Pro’ни «ер тишлатди»!

Янги қурилма кўп жиҳатларига кўра Oppo Reno Ace моделини ҳам эслатади. Смартфон корпуси ҳар икки томонидан Gorilla Glass 5 ҳимоя шишаси билан қопланган. Унинг вазни 199 грамм, ўлчами эса 161х75.7х8.7 миллиметрга тенг.

Realme X2 Pro диагоналига 6.5 дюймлик AMOLED-дисплей билан жиҳозланган. Унинг хусусиятлари бетакрор: аниқлиги Full HD+ форматида; тасвир янгиланиши 90 герцлик частотада; ёрқинлиги 1000 нит, DCI-P3 ранг қамровига эга. Экранга татбиқ этилган бармоқ изи сканери тезкор – 0.23 сонияда ишлайди.

Смартфон айни дамда бозорга чиққан энг кучли Android-процессор – Qualcomm Snapdragon 855 Plus базасида ишлайди. Максимал такт частотаси 2.96 гигагерц бўлган чипсет Adreno 640 видеотезлатгичи ҳамда суюқликли совитиш тизимига эга.

Oppo бу флагманини 12 гигабайтгача тезкор, 256 гигабайтгача доимий (UFS 3.0) хотира ҳамда 4000 мА/соатлик аккумулятор билан таъминлаган. 50 ваттлик SuperVOOC Flash Charging технологияси шарофати билан у 0 дан то 100 фоизгача тўлиши учун атиги 35 дақиқа кифоя!

ЎҚИНГ: Redmi K20 Pro Premium ҳам «дамини олаверсин»: SD855+ чипли энг арзон флагман рекордларга бой! (+видео)

Realme X2 Pro орқа панелидаги бош камера тўрт модулли. Унинг асосий сенсори – 64 мегапикселлик Samsung GW1 датчиги f/1,8 диафрагмали объектив билан баириктирилган. Иккинчи модул – 13 мегапикселлик телефотообъектив эса гибрид 20 карралик зумга эга. Учинчи – 8 мегапикселлик сенсорга кенг бурчакли объектив ўрнатилган, унинг кўриш бурчаги 115 даражани ташкил этади. Тўртинчи – 2 мегапикселлик датчик эса саҳна чуқурлигини аниқловчи сенсордир.

Камера суратга олишнинг тунги режимига, электрон барқарорлаштириш тизимига (EIS) эга. Булардан ташқари, у 30fps сифатида 4K-видео ҳамда 960fps сифатида секинлаштирилган видео олишга қодир. Дисплейнинг томчисимон кемтигига жойланган 16 мегапикселлик олд камера ҳам тунги съёмка режимига эга.

ЎҚИНГ: Xiaomi мисли кўрилмаган селфи камера дизайнини яратди

Google Pay контактсиз тўловлари учун Realme X2 Pro модели NFC-модул билан таъминланган. Корпусда замонавий USB-C порти ҳам, қулоқчин учун анъанавий 3.5 миллиметрлик тирқиш ҳам мавжуд. Смартфон қадоқданоқ Android 9 Pie операцион тизими талқинига эга, у ColorOS 6.1 график қобиғи остида ишлайди.

Realme X2 Pro ўз техник хусусиятларига кўра Mi 9T Pro (сотиб олиш) флагманига рақобатчи бўла олади, аммо Xiaomi’нинг бу моделидан янгиланиш частотаси 90 герцлик экрани билан устун келади.

Хитойнинг ўзида бу смартфон 18 октябрдан сотила бошлайди. Унинг тезкор/ички хотираси минимал – 6/64 ГБлик варианти учун 367 АҚШ долларига тенг нарх белгиланган. Ўртача модификацияси 8/128 ГБлик бўлиб, унинг учун 395 доллар тўлашга тўғри келади. Энг юқори конфигурациядаги – 12/256 гигабайтлик Realme X2 Pro бўлса 452 доллар туради.

Айни шу моделнинг глобал тақдимоти бугун Мадридда ўтказилмоқда, смартфоннинг жаҳон бозоридаги нархлари ҳозирча номаълум.

ЎҚИНГ: 1 ноябргача смартфон олишга улгуринг, кейин IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш пулли бўлиб, нархлар ҳам ошади!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!