Xiaomi «дамини олсин» – LG метро вагонларига ойна ўрнига шаффоф OLED-экранлар ўрнатди!
«Хитойча Apple» жаҳондаги илк шаффоф телевизор – Mi TV Lux Transparent Edition моделини тақдим этган. Унинг биринчи партияси атиги бир сониядаёқ сотиб тугатилган бўлса, 16 августда савдога қўйилган иккинчи партия ҳам ўша куниёқ тугаб кетган.
ЎҚИНГ: Xiaomi дунёдаги илк шаффоф телевизорнинг асосий сирини ошкор этди
Жаҳоннинг етакчи дисплейсозларидан бири бўлган LG бунга шунчаки қараб тура олмади. Шаффоф экран технологияси ўзида ҳам борлигини намоён этиш учун у Хитойдаги айрим метро вагонларида дераза ойнаси ўрнига шаффоф дисплей ўрнатди!
Хабарга кўра, LG Display ишлаб чиққан шаффоф OLED-экранлар ҳозирда Пекин ҳамда Шэньчжэн шаҳарлари метроларидаги баъзи метро вагонларида ўрнатилган. Мазкур дисплейларда поезднинг айни дамда қаерда ҳаракатланиб бораётганлиги, об-ҳаво прогнози, янгиликлар ва бошқа маълумотлар акс этиб боради.
LG айнан нечта вагонда шундай дисплейлар ўрнатгани хабар қилинмаяпти. Бироқ у мазкур панелларни янада кенгроқ қўллаш борасида музокаралар олиб бораётгани маълум. Шунингдек, буни у ўз ватанида эмас, балки рақобатчи – Xiaomi юртида қилаётгани эътиборли.
Эслатиб ўтамиз, CES 2018 халқаро электроника кўргазмасига LG янги телевизорини рулонда олиб келган эди. Биз эса ушбу ўрама телевизорнинг «жонли» видеоларини ҳам чиқарганмиз.
ЎҚИНГ: Samsung ва LG ўз юртида Xiaomi’нинг дадил ҳамласига учради!