Xiaomi доғда қолди: 64 мегапикселлик камерали смартфонни 8 августдаёқ бошқаси тақдим этади

  •   DiMaX
  •  1223
  •  03.08.2019 09:46

Xiaomi доғда қолди: 64 мегапикселлик камерали смартфонни 8 августдаёқ бошқаси тақдим этади

Камерофонлар учун ISOCELL Bright GW1 деб номланувчи 64 мегапикселлик оптик датчикни айнан Samsung ишлаб чиққан. Бироқ негадир ушбу камерани қўлловчи қурилмани биринчи бўлиб бошқа – хитойлик смартфонсозлар тайёрлашяпти!

ЎҚИНГ: 64 мегапикселлик камерали илк смартфонни Samsung чиқармоқчи эди, лекин...

Дастлаб жанубий кореяликларнинг Galaxy A70S модели камераси 64 мегапикселлик биринчи смартфон бўлиши ҳақида хабар чиққанди. Лекин хитойлик Oppo компаниясига қарашли Realme бренди 64 мегапикселлик камерали ўз смартфонида олинган илк расмий сурат ҳамда камера модули кўринишини ҳам тарқатган. Унинг ортидан Redmi бренди ҳам камераси 64 МПлик биринчи смартфонини ва унда олинган расмни эълон қилди. Хулласи калом, жорий ойнинг ўзидаёқ бош камераси ISOCELL Bright GW1 датчикли иккита смартфон тақдим этилиши кутилмоқда ва ҳар иккаласи ҳам арзончи брендлардир.

Жадал ривожланиб келаётган Realme куни кеча Twitter тармоғи орқали ана шу қурилмасининг анонсини берди. Унга кўра, компания 8 август куни Деҳли шаҳрида бўлиб ўтадиган анжуманида тўрт модулли бош камерага эга илк смартфонини намойиш қилади.

Кузатувчиларнинг фикрича, янги Realme смартфонининг тўртталик камерасида 64 МПликдан ташқари, яна ўта кенг бурчакли объективга эга, телеобъективли, шунингдек, саҳна чуқурлигини аниқловчи ёки макросъёмка датчиклари ҳам бўлади.

Ҳозирча бу смартфоннинг номи ҳам, бошқа техник хусусиятлари ҳам маълум эмас, лекин у сўнгги вақтларда кўп гапирилаётган Realme 4 Pro ёки Realme X Pro бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, агарда 8 августгача Xiaomi отни қамчилаб қолмаса, 64 мегапикселлик камерали смартфон борасида улоқни Realme илиб кетиши аниқ.

ЎҚИНГ: Oppo «шаршара дисплей»ли смартфонини эълон қилди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!