Xiaomi дунёдаги илк шаффоф телевизорнинг асосий сирини ошкор этди

  •   DiMaX
  •  801
  •  19.08.2020 11:42

Xiaomi дунёдаги илк шаффоф телевизорнинг асосий сирини ошкор этди

«Хитойча Apple» ўзининг ўн йиллигига бағишланган тадбирида жаҳондаги илк шаффоф телевизор – Mi TV Lux Transparent Edition моделини тақдим этган. Намойишнинг эртасига – 12 август куни унинг биринчи партияси атиги бир сониядаёқ сотиб тугатилган эди. Кейин эса...

ЎҚИНГ: Иккинчи партияси ҳам сотувга чиқибоқ тугаган, 7200 долларлик шаффоф телевизорни расмий видеода кўрамиз!

Компания энди Weibo тармоғи орқали Xiaomi Mi TV Lux Transparent Edition ҳақида янги маълумотларни улашди. Хусусан, унда шаффоф телевизор яратишни қандай уддалагани ҳам айтилган.

Унга кўра, биринчи қадам аниқ: одатда экранларга жойланадиган барча қисмлар олиниб, бошқа жойга кўчирилади. Mi TV Lux Transparent Edition моделида электроника ва овоз жиҳозларининг бари телевизорнинг асос қисмига ўтказилган. Шу сабабли муҳандислар янгича совитиш тизимини яратишган, катта радиатор қўллашган, шунингдек, асос қисмида кўп миқдорда шамоллатув тирқишлари очишган.

Xiaomi’нинг таъкидлашича, суюқ кристалли дисплейларни ҳам, OLED-экранларни ҳам шаффоф қилса бўлади. Компания айнан иккинчи вариантни танлаган, чунки OLED-дисплейда ёритиш керак бўлмайди. RGBW-матрица бетакрор дизайнга эга: унда панелнинг ярмигина пикселлар билан қопланган, қолган ярми эса шаффофлигича қолган. Пикселлар оддий масофадан қараганда кўринмайдиган даражада майда; уларнинг оралиқлари ҳам шунчалик кичкина.

ЎҚИНГ: CES 2018: LG янги телевизорини рулонда олиб келди

Қуйидаги расмда анъанавий OLED-панел (чапда) ҳамда Xiaomi Mi TV Lux Transparent Edition телевизорида қўлланган панел солиштириб кўрсатилган. Иккинчисида субпикселлар ўнгда жойлашган бўлиб, панелнинг чапидаги қисм шаффоф ҳолатда қолган.

Панелни ҳимоялаш учун дисплейга диагонали 55 дюймлик шиша махсус елим билан ёпиштирилган. Экранга қаттиқлик бахш этиш учун эса унинг периметри бўйлаб юпқа металл каркас ўрнатилган.

Ушбу мўъжизавий телевизор арзон эмас – Xiaomi унга нақ 99999 юань, яъни тахминан 7198 долларлик нарх белгилаган.

ЎҚИНГ: Redmi бу маҳсулоти билан бозорни «портлатди»!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!