Xiaomi энг арзон ноутбуки ва Apple AirPods «кушанда»сини тақдим этди

  •   DiMaX
  •  1370
  •  07.11.2018 09:20

Xiaomi энг арзон ноутбуки ва Apple AirPods «кушанда»сини тақдим этди

«Хитойча Apple» жорий йилнинг 6 ноябрида тақдимот маросимини ўтказаётгани ҳақида хабар бергандик. Кеча чиндан ҳам компания иккита девайсини намойиш этди.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi 9 ҳақида илк маълумотлар чиқди: Snapdragon 8150 чипи, 48 МПлик камера ва 10 ГБ «оперативка»!

Улардан биринчиси – саккизинчи авлод қўш ядроли Core i3 процессорли Xiaomi Mi Notebook 15.6 русумли лаптопидир. Мазкур гаджет ушбу туркумдаги энг арзон модел ҳисобланади – нархи тахминан 448 долларига тўғри келади. Шунга яраша, унинг техник хусусиятлари ҳам стандарт Mi Notebook’дан пастроқ.

Диагонали 15,6 дюймлик, 1920х1080 пикселли экранга эга Mi Notebook 15.6 корпусининг қалинлиги 19,9 миллиметрга тенг. Ноутбукнинг тезкор хотираси 4 гигабайтга тенг, яна қўшимча хотира ўрнатиш учун жой ҳам бор. Доимий хотира сифатида эса 128 гигабайтлик SSD-сақлагич мавжуд, яна 32 гигабайтгача ҳажмли microSD карта жойлаш мумкин.

Янги Xiaomi Mi Notebook 15.6 иккита вентилятор ҳамда иссиқлик ўтказувчи найчаларни ўз ичига олувчи самарали совитиш тизимига эга. Корпусида иккита USB 2.0 ва яна иккита USB 3.0 ҳамда HDMI портлари мавжуд. Шунингдек, 3,5 миллиметрлик қулоқчин тирқиши ва бир гигабитгача тезликда маълумот алмашувчи Ethernet порти ҳам ўрнатилган.

Ушбу лаптоп 11 ноябрь – «Бўйдоқлар куни»да савдога чиқарилади.

ЎҚИНГ: Янги MacBook Air’га Huawei жавоби – MateBook 13 ноутбуки намойиш қилинди

Xiaomi намойиш этган иккинчи гаджет эса мутлақо янги маҳсулот – Mi AirDots Youth Edition номли симсиз қулоқчиндир. Номиданоқ Apple AirPods гарнитурасини эслатувчи ушбу девайс Bluetooth 5.0 стандартини қўллаб-қувватлайди.

Аммо бу қулоқчин дизайнига кўра купертиноликнинг маҳсулотига умуман ўхшамайди. Шундай бўлса-да, Apple AirPods сингари, Xiaomi гаджети ҳам симсиз стерео овоз янгратувчи TWS (True Wireless Stereo) функциясини қўллаб-қувватлайди.

Mi AirDots Youth Edition корпуси тегинишларни сезади ва шунга яраша буйруқларни бажаради. Унга битта тегиш билан мусиқани тўхтатиш ёки кирувчи қўнғироққа жавоб бериш мумкин. Кетма-кет иккита тегинишда эса у овозли ёрдамчини чақиради.

Қулоқчиннинг ҳар бир томони 4,2 грамм келади, улар диаметри 7,2 миллиметрлик динамиклар билан таъминланган. AirDots жамланмасида қувватловчи ғилофи ҳам мавжуд, у 12 соатлик автоном ишлай олади. Қулоқчиннинг ўзи эса битта тўла қувват билан стерео режимда 4 соат, моно режимда бўлса 5 соатгача ишлайди.

Хитой онлайн-ритейлерлари аллақачон Mi AirDots Youth Edition учун олдиндан буюртма ола бошлашган, нархи атиги 29 долларни ташкил этади. Буюртмалар харидорларга 11 ноябрдан етказиб берилади.

Шу ўринда кузатувчилар яна бир тахмин билдиришмоқда: қулоқчин номидаги «Youth Edition» сўзларига қараганда, бу – Xiaomi симсиз қулоқчинининг ёшларбоп, арзонроқ талқинидир. Яъни, компания ҳали унинг стандарт, янада бой функционалга ва юқорироқ нархга эга тўлақонли талқинини ҳам тақдим этса керак.

Бизнинг Terashop.uz интернет-дўконимизда эса нархи 132 000 сўмдан бошланувчи айрим қулоқчинларни харид қилиш имкони бор.

ЎҚИНГ: Xiaomi смартфонингиз борми? Унда танловда қатнашиб, 10 000 доллар ютиб олинг!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!