Xiaomi энг енгил ва юпқа – Mi 11 Lite ҳамда Mi 11 Lite 5G смартфонларини намойиш қилди

  •   DiMaX
  •  2297
  •  30.03.2021 16:58

Xiaomi энг енгил ва юпқа – Mi 11 Lite ҳамда Mi 11 Lite 5G смартфонларини намойиш қилди

«Хитойча Apple» мега-тақдимотини ўзининг флагман смартфони – Mi 11 Pro анонси билан бошлаган эди. Бироқ тадбирнинг бош қарамони у эмас, балки Xiaomi Mi 11 Ultra бўлди – бу премиум-флагман аллақачон DxOMark рейтингида биринчи ўринга чиқиб улгурди.

ЎҚИНГ: Профессионал камералардан зўр илк смартфон – Mi 11 Ultra чиқибоқ DxOMark тахтини забт этди! (+видео)

Компания булардан ташқари яна Mi 11 Lite ҳамда Mi 11 Lite 5G смартфонларини ҳам тақдим қилди. Қуйида аввало уларнинг умумий жиҳатларига тўхталамиз, кейин эса ҳар бирининг ўзига хос жиҳатларини кўриб чиқамиз.

Нималари бир хил?

Ҳар иккала смартфон диагоналига 6,55 дюймлик AMOLED DotDisplay экрани билан таъминланган ва 10-bit TrueColor технологиясини қўллаб-қувватлайди. Дисплейда кадр янгиланиш частотаси 90 герцлик, сенсор қатламининг частотаси эса 240 герцга боради.

Mi 11 Lite ҳамда унинг 5G-версиясида уч модулли бош камера ҳам бир хил: 64 мегапикселлик асосий сенсор, 8 мегапикселлик ўта кенг бурчакли камера ва 5 мегапикселлик телемакрокамера. Смартфонлар Android 10 базасидаги MIUI 12 график қобиғи билан таъминланган, аккумуляторлари 4250 мА/соатлик бўлиб, USB Type-C порти орқали 33 ваттлик тезкор қувват олади.

Xiaomi Mi 11 Lite – жаҳондаги энг енгил смартфон

Xiaomi Mi 11 Lite модели Qualcomm Snapdragon 732G чипи ҳамда 16 мегапикселлик олд камерага эга. Унинг корпуси Corning Gorilla Glass 5 ҳимоя шишаси билан қопланган бўлиб, ўлчамлари 160.53х75.72х6.81 миллиметрга, вазни эса атиги 157 граммга тенг. Xiaomi вакилларининг таъкидлашларича, у дунёдаги энг енгил смартфонлардан бири бўлиб, оғирлиги ўртача катталикдаги олмадек ҳам чиқмайди.

Бу смартфонда Bluetooth 5.1, Wi-Fi 5, NFC модуллари ҳамда корпус ёнига жойланган бармоқ изи сканери мавжуд. Қурилма уч хил – Boba Black, Bubblegum Blue ҳамда Peach Pink рангли корпусларда таклиф этилади.

Snapdragon 780G чипли илк смартфон – Xiaomi Mi 11 Lite 5G!

Xiaomi Mi 11 Lite 5G моделининг корпус ўлчамлари ва ташқи кўриниши ҳам «ини»сидаги каби, лекин вазни салгина ошиқ – 159 грамм. Унинг техник жиҳатлари ўзгача: аввало, Qualcomm компаниясининг энг янги – Snapdragon 780G процессори айни мана шу моделда дебют қилган.

Олд камера аниқлиги 4G-версияли шеригиникидан кучлироқ – 20 мегапикселлик, экран устига ҳам бақувватроқ – Corning Gorilla Glass 6 тобланган шишаси ётқизилган.

Mi 11 Lite 5G янада янги авлод симсиз интерфейслар – Bluetooth 5.2 ва Wi-Fi 6 модуллари, шунингдек NFC чипи ҳамда ён қиррадаги дактилоскоп билан чиқарилган. Унинг харидорлари Truffle Black, Mint Green ҳамда Citrus Yellow рангли корпуслар орасидан танлашлари мумкин.

Нархи масаласига келсак...

Xiaomi ўз юртида бу смартфонларига қуйидагича нарх белгилаган:

  • Mi 11 Lite 5G (6 ГБ + 128 ГБ) — 399 евро
  • Mi 11 Lite 5G (8 ГБ + 128 ГБ) — 429 евро
  • Mi 11 Lite (6 ГБ + 64 ГБ) — 279 евро
  • Mi 11 Lite (6 ГБ + 128 ГБ) — 329 евро

Бироқ айни шу моделларнинг Европадаги нархлари бирмунча қиммат:

Компания ўзининг мега-намойишида бошқа гаджетларни ҳам тақдим этган, улар билан кейинги хабарларимизда танишиб борасиз.

ЎҚИНГ: Xiaomi 2020 йилда қанча фойда олганини маълум қилди