Xiaomi энг зўр камерофони ва ҳамёнбоп флагманига Android 11 тарқатяпти

  •   DiMaX
  •  784
  •  19.02.2021 10:02

Xiaomi энг зўр камерофони ва ҳамёнбоп флагманига Android 11 тарқатяпти

«Хитойча Apple» ўтган йили ўзининг ўн йиллик юбилейига бағишлаб Xiaomi Mi 10 Ultra суперфлагманини тақдим этган эди. Мазкур қурилма Huawei P40 Pro камерофонини DxOMark тахтидан ағдарган ва ҳозир ҳам камерофонлар рейтингида кучли учликда турибди. Бундан ташқари, AnTuTu бенчмаркининг август рейтингида у энг кучли смартфон бўлиб чиққан.

ЎҚИНГ: 2020 йилнинг энг зўр тўртта камерофони (DxOMark рейтинги)

Юбилей суперфлагмани хитойча версияда Mi 10 Extreme Commemorative Edition деб номланган бўлиб, Android 10 операцион тизими базасидаги MIUI 12 график қобиғи билан чиққан.

Xiaomi тақдимотидан олти ой ўтиб, ушбу моделига энг сўнгги – Android 11 операцион тизими базасидаги прошивкасини тарқата бошлади. Лекин «ўзаги» янгилангани билан, график қобиғи ўша-ўша ҳолида қоляпти – MIUI 12.5 унга ҳали етиб келмаяпти.

ЎҚИНГ: MIUI 12.5 глобал прошивкаси қайси Xiaomi ва Redmi смартфонига қачон келади?

Шу билан бирга, компания ўнинчи авлод флагман смартфонларининг арзон вакили – Xiaomi Mi 10T Lite моделига ҳам тегишли апдейтни улашяпти. Xiaomi Mi 10 Ultra суперфлагманида бўлгани каби, бунисида ҳам янги глобал прошивка Android 11 операцион тизим талқини асосида тайёрланган MIUI 12 график қобиғига асосланган.

Биз бултур октябрнинг бошида чиққан, Европа бозоридаги нархи 249 евродан бошланувчи ушбу 5G-смартфоннинг тўлиқ техник жиҳатларини ҳам эълон қилганмиз. Айтиб ўтиш керакки, Xiaomi Mi 10T Lite смартфони Ҳиндистонда Xiaomi Mi 10i номи билан чиққан бўлса, Хитойда Redmi Note 9 Pro 5G модели сифатида тақдим этилган.

ЎҚИНГ: Xiaomi раҳбари ҳайратда: 9 яшар бола илк Redmi смартфонини санъат асарига айлантирди!