Xiaomi фанатлари петиция тузишди: улар нимадан норози?

  •   DiMaX
  •  623
  •  29.05.2021 11:02

Xiaomi фанатлари петиция тузишди: улар нимадан норози?

Интернетда қизиқ петиция пайдо бўлди – уни Xiaomi ҳамда унинг суббрендларига мансуб смартфонлар эгалари тузишган. Унда мазкур компаниянинг глобал бозорга чиқарган телефонларидан норозилик билдирилган.

ЎҚИНГ: Xiaomi энди қора рўйхатда эмас

Жаҳон бозорига чиқарилган Xiaomi, Poco ҳамда Redmi смартфонларидаги MIUI график қобиғи хусусиятлари ҳам, унинг қўллаб-қувватланиши ҳам хитойча версиялардаги каби эмас. Шу боисдан петиция муаллифлари MIUI график қобиғининг глобал ва хитойча талқинларида функциялар ва апдейтлар бўлишини компания раҳбариятидан талаб қилишмоқда.

Петиция матнида айтилишича, хитойчасидан фарқли равишда, глобал MIUI версияларида хатоликлар ва охирига етказилмаган ўринлар кўп. Бунинг устига, апдейтлар Хитойдаги смартфонларга тарқатилгач, орадан анча ўтиб глобал версияларга узатилади.

Хулоса сифатида мухлислар Xiaomi телефонларининг нархлари ошиб бораётгани, уларни қўллаб-қувватлаш эса аксинча – ёмонлашиб бораётганини айтишган. Шу боисдан фанатлар компаниядан «яна йўналишини ўзгартириб, яна смартфонлар нархини ва уларга хизмат кўрсатишни аввалгидек ҳолатга қайтариш»ни сўрашган.

Петициянинг тўлиқ (инглиз тилидаги) матни билан мана бу ҳавола орқали танишиб чиқиш мумкин. Xiaomi, Redmi, Poco ва Black Shark смартфонларининг глобал прошивка, глобал версия ва хитойча версиялари, уларнинг ўзаро фарқи ҳақида эса ушбу мақоламиздан батафсил маълумот оласиз.

ЎҚИНГ: Хитойча талқиндаги Redmi Note 10 Pro чиқди: глобал ва ҳиндча версияларидан ўзгача!