Xiaomi флагманига битта қувватда 14 кун ишлаш имконини берувчи янги режим қўшилди!

  •   DiMaX
  •  988
  •  09.07.2021 13:03

Xiaomi флагманига битта қувватда 14 кун ишлаш имконини берувчи янги режим қўшилди!

«Хитойча Apple»нинг Mi 11 Ultra суперфлагмани 29 март куни тақдим этилган ва савдога чиқиб ҳам улгурган. Биз унинг тўрт қисмдан иборат тўлиқ тавсифини ҳам эълон қилганмиз.

ЎҚИНГ: MWC 2021: «Йилнинг энг зўр смартфони» ва унинг тўртта рақиби

Хитойда куни кеча Xiaomi Mi 11 Ultra флагмани прошивкаси янгиланди – MIUI график қобиғининг V12.5.10.0.RKACNXM версияси тарқатилди. Унда бир қатор янги функциялар сафида Super Power Saver режими ҳам тақдим этилган.

Номидан ҳам англаб етганингиздек, смартфон мазкур режимда аккумулятор қувватини энг юқори даражада тежайди. Табиийки, бунинг учун флагманнинг функциялари максимал даражада чекланади.

Super Power Saver режимида асосий дисплей бутунлай ўчирилади, фақат орқа панелдаги – бош камера блоги ёнидаги қўшимча экран ишлайди. Унда ҳам фақат вақт кўрсатилади, кирувчи қўнғироқларга жавоб бериш мумкин бўлади. Шунингдек, мазкур режимга ўтмасдан олдин танлаб қўйилган контактларга қўнғироқ қилиш имкони ҳам сақланиб қолади.

ЎҚИНГ: Wi-Fi vs 4G: смартфон қувватини қай бири тезроқ тугатади? (+«жонли» видео)

Xiaomi’нинг таъкидлашича, Mi 11 Ultra шу режимда аккумуляторнинг битта тўла қуввати билан 14 кунгача ишлай олади. Авария туфайли электр тармоғи узилганида, сафарга чиққанда ёки бошқа сабаб билан узоқ вақт смартфонни қувватлаш имкони бўлмай қолганида бу жудаям асқотади.

Super Power Saver режимини ўз ичига олган апдейт ҳозирча фақат маҳаллий бозордаги Xiaomi Mi 11 Ultra моделларига тарқатилмоқда. Кейинроқ мазкур суперфлагманнинг глобал версияларига ҳам ушбу янгиланиш тарқатилса керак.

Дарвоқе, смартфоннинг қуввати кам қолганида асқотадиган тўққизта тавсия, шунингдек, қуввати энг узоқ вақтга етувчи 15 та смартфон рўйхати ҳам сизни бефарқ қолдирмаса керак.

ЎҚИНГ: Ҳарорат телефонга қандай таъсир қилади?

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!