Xiaomi ҳали тақдим этмаган Mi 10 5G сотувга чиқди: нархи ва жиҳатлари билан танишинг!

  •   DiMaX
  •  4284
  •  10.01.2020 10:41

Xiaomi ҳали тақдим этмаган Mi 10 5G сотувга чиқди: нархи ва жиҳатлари билан танишинг!

«Хитойча Apple» директори аввалроқ Xiaomi Mi 10 ҳамда Mi 10 Pro смартфонларининг муҳим жиҳатларини очиқлаганди. Шунингдек, стандарт флагманнинг AnTuTu бенчмаркидаги рекорд натижаси ҳам эълон қилинган.

ЎҚИНГ: Янги йилда янги тезлик!

Xiaomi ҳали ушбу моделларини расман намойиш этмасидан туриб, CECT-SHOP интернет-дўкони аллақачон Mi 10 5G вариантини сотувга қўйди! Унинг харид саҳифасида смартфоннинг барча хусусиятлари батафсил кўрсатилган.

Бир сўз билан айтганда, унинг техник жиҳатлари яқинда тақдим этилиб, икки соатда талаш бўлган энг арзон 5G-смартфон – Redmi K30 5G хусусиятларидан айтарли фарқ қилмайди. Фақат кутилаётган моделнинг «электрон юраги» сифатида энг зўр – Snapdragon 865 процессори танланган, Redmi флагманида эса Snapdragon 765G чипсети қўлланган.

Ушбу манбага кўра, Mi 10 5G диагоналига 6,57 дюймлик AMOLED-экранга эга. Дисплейнинг кадр янгиланиш частотаси 90 герц эканлиги ғалати, чунки Redmi K30 5G флагманида бу кўрсаткич 120 герцга тенг.

ЎҚИНГ: Redmi K30’нинг тақдимотда айтилмаган сири фош бўлди! (+«жонли» видео)

Ўнинчи авлод Xiaomi флагмани 12 гигабайтлик тезкор хотирага эга (Redmi K30 5G моделида – максимум 8 ГБ, лекин яқинда 12 ГБлик варианти сертификациядан ўтган). Mi 10 5G ички хотираси 256 ҳамда 512 гигабайтлик вариантларда таклиф этилади. Унинг аккумулятори 4500 мА/соатлик бўлиб, симли қувватлашда 66 ваттлик, симсизида эса – 40 ваттлик технология асосида тезкор заряд олади. Шунингдек, Xiaomi янги смартфонини NFC модули, икки диапазонли GPS ҳамда энг сўнгги – Android 10 операцион тизими билан таъминлаган.

Mi 10 5G бош камераси 64, 12, 8 ва 2 мегапикселлик тўртта сенсорни ўз ичига олган, селфи-камера эса 32 ва 8 мегапикселлик датчиклардан иборат. Унинг корпус ўлчами 162,3х75,1х8,9 миллиметрга тенг, вазни 204 грамм тош босади.

Қизиқ жойи – Xiaomi Mi 10 5G нархи ҳам эълон қилинган: унинг 256 гигабайтлик доимий хотирага эга вариантини 670 долларга сотиб олиш мумкин. Бу эса 8/128 гигабайтлик Redmi K30 5G моделидан салкам икки бараварга қиммат, деганидир. Хуллас, онлайн дўкон кўрсатган маълумотлар ҳафсалани пир қилди, улар тўғри бўлиб чиқса, бу флагманнинг харидори айтарли кўп бўлмаса керак.

ЎҚИНГ: Xiaomi яна 5 хил смартфонини Android 10 базасидаги MIUI 11’гача янгилаяпти

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!