Xiaomi Ҳиндистонда MIUI 9’ли «эксклюзив» смартфонини тақдим этди, аммо...

  •   DiMaX
  •  1397
  •  01.12.2017 14:13

Xiaomi Ҳиндистонда MIUI 9’ли «эксклюзив» смартфонини тақдим этди, аммо...

Кейинги кунларда Xiaomi компанияси, тез орада Ҳиндистон учун ўзининг янги «эксклюзив» смартфонини намойиш этишини айтиб мақтанаётган эди. Ҳатто «Desh Ka Smartphone» деб атаганича, маҳаллий телеканалларда уни фаол тарзда реклама ҳам қилаётганди. Ниҳоят, ҳамма интиқлик билан кутаётган мазкур «сирли» қурилма кеча тақдим этилди. Бироқ бундан ҳиндлар унчалик хурсанд бўлишгани йўқ, аксинча – хитойлик компания уларнинг ҳафсаласини пир қилди, деб ёзади AKKet.

ЎҚИНГ: Xiaomi: 30 ноябрда яна битта арзон смартфон!

Гап шундаки, «Desh Ka Smartphone» дейилганида, ҳиндистонликлар Xiaomi’дан умуман янги моделни кутаётган эдилар. Бироқ «хитойча Apple» шу йилнинг октябрь ойи сўнгида ўз ватанида намойиш этилган смартфон Redmi 5A смартфонини Ҳиндистонда тақдим қилди, холос.

Бироқ аслида ҳиндистонликлар хафа бўлишмаса ҳам бўларди. Чунки, дастлабки нархи 91 АҚШ доллари бўлган Redmi 5A моделини Ҳиндистон бозорига янада арзон – атиги 79 доллар (4999 рупий) нархида тақдим этди-да! Тўғри, дастлабки 5 миллион харидоргина «Desh Ka Smartphone»ни бу нархда харид қилиш имконига эга, кейин эса унинг қиймати 10–25 фоизга оширилади.

ЎҚИНГ: Энг арзон "Xiaomi" – Redmi 5A тақдим қилинди

Xiaomi Redmi 5A смартфони 4 ядроли, частота тезлиги 1,4 ГГц бўлган Snapdragon 425 базасида ишлайди. Ҳамёнбоп модел бўлгани боис, у 5 дюймли HD дисплей, 2 ГБ тезкор ва 16 ГБ доимий хотира билан таъминланган, microSD ёрдамида хотирани 128 ГБгача кенгайтириш мумкин. Асосий камераси 13, селфи-камера эса 5 мегапикселли. Смартфон 2 та SIM-картали, аккумулятор сиғими 3000 мА/соат, ўлчамлари: 139х70x8.5 мм., вазни – 137 грамм.

Desh Ka корпуси пластикдан ишланган бўлса-да, кўриниши бинойидек. Унга Android 7.1.2 Nougat операцион тизим талқинига асосланган Xiaomi’нинг энг янги MIUI 9 прошивкаси ўрнатилган. Агар 2/16 ГБ хотира камлик қиладиган бўлса, 3/32 гигабайтлик хотирага эга варианти ҳам шу кунларда чиқарилиши айтилган, аммо аниқ санаси ва нархи ҳозирча маълум эмас.

ЎҚИНГ: MIUI 9’гача расман янгиланадиган Xiaomi смартфонлари рўйхати