Xiaomi иккинчи авлод Black Shark ўйинбоп смартфонини тақдим этди – хусусият ва нархларини кўриб чиқамиз!

  •   DiMaX
  •  1445
  •  19.03.2019 17:21

Xiaomi иккинчи авлод Black Shark ўйинбоп смартфонини тақдим этди – хусусият ва нархларини кўриб чиқамиз!

«Хитойча Apple» ўтган йилнинг апрелида Black Shark номли илк ўйинбоп смартфонини, октябрга келиб эса Black Shark Helo моделини ҳам намойиш қилганди. Xiaomi унинг учинчи авлодини тайёрлаётгани ҳақида ҳам хабарлар берганмиз.

ЎҚИНГ: «Жонли» видео: Xiaomi кўрсатмаётган Black Shark 3 смартфонида PUBG ўйини!

Ниҳоят, кеча – 18 март куни Xiaomi компанияси ушбу геймерофонини расман намойиш қилди. Фақат уларнинг номланиши масаласи сал чалкашроқ бўлиб қолди: Xiaomi илк ўйинбоп смартфони – Black Shark модели 2018 йилнинг апрелида намойиш этилган. Компания унинг иккинчи авлодини – Black Shark Helo моделини октябрда тақдим этган бўлиб, Хитойдан ташқарида у Black Shark 2 номи билан бозорга чиқарилиши белгиланган. Лекин негадир у ўзининг учинчи геймерофонини Black Shark 2 деб атади. Демак, шу пайтгача хабарларда Black Shark 2 сифатида айтилганларнинг барчаси Black Shark Helo моделига, Black Shark 3 (ёки кодли номи билан – Black Shark Skywalker) деб ёзилганлари эса кеча тақдим қилинган Black Shark 2 моделига тегишли бўлиб қолди.

Хулласи калом, Black Shark 2 геймерофонининг техник хусусиятларига келсак... Samsung маҳсулоти бўлган 6,39 дюймлик дисплейининг тасвир аниқлиги Full HD+ форматида (2340х1080 пикселлик) бўлиб, 240 Гц.лик кадр частотасига эга. Дисплейнинг тегинишларни сезиш – реакция билдириш вақти 43,5 миллисонияга тенг. Тақдимот маросимида буни таққослаш учун келтиришган: iPhone XS флагманида бу кўрсаткич 45 мс.ни, Samsung Galaxy S10 моделида эса – 60 мс.ни ташкил этади!

Black Shark 2 дисплейида Magic Press технологияси қўлланган – у еттита даражада босиш кучини фарқлай олади. Шунингдек, ўйин давомида дисплейни иккита қисмга бўлиб қўйиш мумкин ва улардан ҳар бири ўзигагина хос бўлган созламалар бўйича, тегинишларга турлича реакция кўрсата олади.

Ўйинларга мосланганлиги учун, Black Shark 2 моделининг иккита ён қиррасига қўшимча LTE ва Wi-Fi антенналари қўшишган. Яъни, икки қўлда ушлаб ўйнаётганда ҳам смартфоннинг алоқа модуллари тўсилиб қолмайди.

Black Shark 2 Қўшалоқ бош камераси орқа панелнинг юқори чап бурчагига тикка жойлашган 48 ва 12 мегапикселлик модулларни ҳамда фоточақноқни ўз ичига олади. Ўйинбоп смартфоннинг олд камераси ҳам ёшларга ёқади – 20 мегапикселлик аниқликда селфи олиш мумкин.

«Иккинчи Қора Акула», табиийки, замонамизнинг энг кучли Android-процессори – Qualcomm Snapdragon 855 базасида ишлайди. Тезкорликни таъминлашда унга 6, 8 ва 12 гигабайтлик тезкор хотира елкадош бўлади. Геймерофон доимий хотираси эса 128 ва 256 гигабайтлик талқинларда тақдим этилган.

Ушбу қурилма иккита SIM-картани қўллаб-қувватлайди, 4G VoLTE, Wi-Fi (802.11ac), Bluetooth 5, GPS+ГЛОНАСС интерфейсларига ҳамда замонавий USB Type-C портига эга. 4000 мА/соатлик аккумулятори эса 27 ваттлик технологияга кўра тезкор қувватлана олади.

ЎҚИНГ: Xiaomi смартфонлари энди қимматлайди – буни шахсан компания бош директори айтди!

Илк «Қора Акула» ва Black Shark Helo моделидан фарқли равишда, Xiaomi ушбу моделида бармоқ изи сканерини дисплейнинг ўзига интеграция қилган. Совитиш тизими эса янада такомиллаштирилган: у найчадан ташқари суюйликли совитувчи пластинани ўз ичига олади. Олдинги моделдаги совитиш тизими смартфон ҳароратини 12 даражагача пасайтирадиган бўлса, Black Shark 2 моделида бу кўрсаткич 14 даражага етказилган.

Android операцион тизимининг янги – 9.0 Pie талқини базасида ишлайдиган Black Shark 2 геймерофонининг корпуси 163,61х75,01х8,77 миллиметрлик ўлчамда бўлиб, 205 грамм тош босади.

Black Shark 2 қора, кумушранг ва мовий тусли корпусларда ишлаб чиқарилади, орқа томонида ёруғлик-диодли логотип туширилган. Нархлари эса тезкор/доимий хотирасига кўра қуйидагича:

6/128 ГБлик версияси – 475 доллар,

8/128 ГБлик версияси – 520 доллар,

8/256 ГБлик версияси – 565 доллар,

12/256 ГБлик версияси – 625 доллар.

Xiaomi аллақачон Black Shark 2 учун олдиндан буюртма ола бошлаган, очиқ савдога эса уни 22 мартдан чиқаришади. Xiaomi’нинг илк геймерофони – 6/64 гигабайтлик хотирага эга, қора корпусли Black Shark смартфонини эса Terashop.uz интернет-дўконимиздан 3 849 000 сўм эвазига сотиб олиш мумкин.

ЎҚИНГ: «Ёнғоқчақар» Redmi Note 7 ва энг арзон Redmi Go ҳам Terashop.uz’га келди! Xiaomi смартфонларининг нархлари (2019 йил 12 март)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!