Xiaomi иккита флагманига глобал MIUI 12.5 прошивкасини тарқатмоқда

  •   DiMaX
  •  554
  •  28.07.2021 15:08

Xiaomi иккита флагманига глобал MIUI 12.5 прошивкасини тарқатмоқда

«Хитойча Apple» бултур октябрнинг бошида бирйўла иккита флагман – Xiaomi Mi 10T ҳамда Mi 10T Pro моделларини тақдим этган, шунингдек, «енгиллаштирилган» Xiaomi Mi 10T Lite смартфонини намойиш қилган. Булардан дастлабки иккитасига барқарор MIUI 12.5 график қобиғи асосидаги глобал прошивкалар тарқатила бошлади.

ЎҚИНГ: Камида 6 хил Xiaomi ва Redmi смартфонларида ишкал: компания айбини тан олди

Ҳар иккала смартфон учун янги апдейт Android 11 операцион тизим талқини базасида тайёрланган бўлиб, v12.5.1.0 RJDMIXM рақами остида тарқатилмоқда. Прошивка дунёнинг турли ҳудудлари бўйлаб босқичма-босқич узатилади, шу сабабли сал кечикса хавотир олманг.

Айтиш керакки, Xiaomi Mi 10T ҳамда унинг Pro-версияси бир хилда Snapdragon 865 процессорига, 144 герцлик IPS-экранга ҳамда 5000 мА/соатлик аккумуляторга эга. Уларнинг орасидаги асосий фарқ – камерада: Xiaomi Mi 10T асосий сенсори 64 мегапикселлик бўлса, Mi 10T Pro версиясида бу кўрсаткич 108 мегапикселгача оширилган ва тасвирни оптик барқарорлаштириш тизими қўшилган. Уларнинг барча хусусиятлари ҳамда Pro талқинининг анбоксинг видеоси билан мана бу хабаримизда танишиш мумкин.

Дарвоқе, DxOMark мутахассислари Xiaomi Mi 10T Pro флагманининг камера имкониятларини синаб кўришган. 108 мегапиксели билан у камераси 12 МПлик сенсорларга эга бўлган Apple iPhone 11 ҳамда 48+8+5 МПлик OnePlus 8 Pro моделлари орасидан жой олган. Шунга қарамай, унинг кўрсаткичлари Samsung компаниясининг иккита зўр флагмани – Galaxy Note 20 Ultra 5G (Snapdragon чипли) ва Galaxy S20+ (Exynos чипли) натижаларидан юқори чиққан.

ЎҚИНГ: Xiaomi смартфонлари нархлари билан танишамиз (2021 йил, июнь)

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!