Xiaomi илк тугмачали телефонини тақдим этди: унинг Wi-Fi, USB-C ва ҳатто «сунъий онг»и ҳам бор! (+видеолар)

  •   DiMaX
  •  5321
  •  03.08.2018 08:28

Xiaomi илк тугмачали телефонини тақдим этди: унинг Wi-Fi, USB-C ва ҳатто «сунъий онг»и ҳам бор! (+видеолар)

Барча смартфонсозлар юксак технологияларнинг сўнгги ютуқларини ўзида жамлаган, олд юзаси фақат экрандан иборат смартфонлар борасида пойга ўйнаётган бир пайтда Xiaomi ўзгача йўл тутди. Яъни, у биринчи марта тугмачали телефон ишлаб чиқарди!

ЎҚИНГ: Xiaomi ўзининг энг қиммат маҳсулотини чиқарди – у асосан ёшлар ва ёш оилаларга мўлжалланган

Ушбу компания Youpin (MIJIA) краудфандинг платформасида Qin AI Phone номли тугмачали телефонини тақдим этди. Бу гаджет иккита версияда бўлиб, улар алоқа стандартларини қўллаб-қувватлаши ва бошқа техник жиҳатларига кўра ўзаро фарқланади.

Бошланғич талқиндаги Qin1 версияси MediaTek MT6260A процессори, 8 мегабайтлик тезкор ва 16 мегабайтлик доимий хотирага эга. Nucleus OS операцион тизими бошқаруви остидаги бу телефон фақат 2G уяли алоқа тармоғида ишлайди.

Qin AI Phone’нинг нисбатан илғор варианти – Qin1s модели эса Spreadtrum SC9820E процессори, 256 мегабайтлик тезкор ва 512 мегабайтлик доимий хотира билан кучайтирилган. Шунингдек, ундаги иккинчи SIM-карта ўрнига microSD форматли хотира картаси ҳам жойлаш мумкин. Бу моделда яна GPS модулиям бор, у 4G ҳамда VoLTE технологияларини ҳам қўллаб-қувватлайди. Девайснинг дастурий таъминоти асоси сифатида Android базасида яратилган Mocor 5 OS операцион тизими хизмат қилади.

ЎҚИНГ: 30 июлда Xiaomi'нинг энг қиммат смартфони сотувга чиқарилди

Бошқа жиҳатлари бўйича Qin1 ва Qin1s  моделлари умуман фарқланмайди. Диагоналига 2,8 дюймлик QVGA-дисплей 320х240 пикселлик аниқликка эга бўлиб, Corning Gorilla Glass шишаси билан ҳимояланган. 1480 мА/соатлик ток сиғимига эга аккумулятор 7 соатлик узлуксиз суҳбат ёки 15 кунлик кутиш режими учун етарли.

Мана бу видеода телефоннинг техник жиҳатлари билан танишамиз:

Xiaomi’нинг ушбу илк тугмачали телефони Dual SIM Dual Standby стандарти бўйича иккита SIM-карта билан ишлай олади. Инфрақизил порти шарофати билан у телевизор ва бошқа маиший техника жиҳозлари учун масофадан бошқарув пульти вазифасини ҳам ўтайди. Бу телефон Wi-Fi ҳамда Bluetooth 4.2 модуллари, 3,5 миллиметрлик қулоқчин тирқиши ва... USB-C портига ҳам эга!

Таъкидлаб ўтсак арзийди: Qin AI Phone – замонавий USB Type-C порти билан жиҳозланган илк тугмачали телефондир.

ЎҚИНГ: Xiaomi ҳайратомуз рекорд ўрнатди

Эътиборли томони – номидан ҳам кўриниб турганидек, Qin AI Phone’нинг ҳар иккала модели «сунъий идрок» тизими билан таъминланган! Унга татбиқ этилган реал вақт режимидаги нутқ таржимони 17 та тилни қўллаб-қувватлайди. Xiao AI овозли ёрдамчиси «сунъий онг» ёрдамида турли саволларга жавоб беради, интернетдан маълумот излайди ва хитойча гапирилган нутқни 17 та тилга ўгириб бера олади.

Мана, қуйидаги расмий видео Qin AI Phone’нинг Xiao AI овозли ёрдамчиси имкониятларига бағишланган:

Qin AI Phone ўлчамлари 132х53,8х8,5 миллиметрни ташкил этади, у оқ ва қора рангли корпусларда тақдим этилади. Энг қизиқ жиҳати – нархига келадиган бўлсак: стандарт талқиндаги Qin1 модели атиги 29 АҚШ долларига баҳоланган. Нисбатан илғор Qin1s талқини эса қимматроқ – Xiaomi унинг учун 44 доллар сўрамоқда. Youpin платформаси орқали буюртма қилганларга телефонни етказиб бериш 15 сентябрдан бошланади. Буюртмалар кутилганидан ҳам кўплигига қараганда, Nokia телефонларини тақдим этаётган HMD Global жиддий рақобатчига дуч келди-ёв...

Дарвоқе, савдога чиққанидан сўнг уддабурон хитойликлар Qin AI Phone телефонларини онлайн дўконлар орқали сотувга қўйсалар керак. Ўшанда, эҳтимол, уни Ўзбекистондан туриб ҳам харид қилиш имкони туғилар. Агарда онлайн харид борасида тажрибангиз етарли бўлмаса, у ҳолда товарларга «Terabayt.uz» сайтимиз орқали сотиб олишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: AliExpress’даги товарларга «Terabayt.uz» орқали буюртма беринг!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!