Xiaomi камерофонлар бобида Huawei ва Nokia билан беллашмоқчи!

  •   DiMaX
  •  1101
  •  22.01.2020 16:27

Xiaomi камерофонлар бобида Huawei ва Nokia билан беллашмоқчи!

Бугунги кунда смартфонларнинг муҳим элементларидан бири айнан камера ҳисобланади. Шу боисдан ҳам смартфонсозлар ўз қурилмалари учун оптимизация қилинган датчиклар борасида уларни ишлаб чиқарувчилар билан шартнома тузишади.

ЎҚИНГ: Samsung компанияси 108 МПлик камера борасида Xiaomi’ни боплаган экан!

Масалан, Nokia бренди оптик сенсорлар борасида Ziess билан, Huawei эса Leica билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Xiaomi ўз камерофонларида Samsung датчикларини қўллаётган бўлса-да, бунга қаноат қилмаяпти.

Lenovo компаниясидан яқиндагина «Хитойча Apple» вице-президенти лавозимига ўтган Чанг Ченг (Chang Cheng) бугун Weibo ижтимоий тармоғида сўровнома эълон қилди. Унда Xiaomi ўз смартфонлари учун камералар тайёрлашда қайси компания билан ҳамкорлик қилгани маъқуллиги ҳақида фойдаланувчилар фикри сўралган.

Xiaomi фанатларига танлов учун Canon, Nikon ва Hasselblad вариантлари таклиф этилган, яна буларнинг барчасини рад этиш варианти ҳам бор. Ҳозирда сўровномада Hasselblad бренди яққол етакчилик қилмоқда – унинг тарафдорлари Canon’ни танлаганлардан нақ икки бараварга кўп. Nikon учун жуда кам овоз берилган; тағин булардан ҳеч бирини маъқулламаганлар сони Nikon ихлосмандларидан кўпроқ экан.

Айтиш керакки, мазкур сўровнома ушбу компаниялардан бирининг датчиклари Xiaomi смартфонларида яқин орада пайдо бўлишини англатмайди. Компания ҳали узоқ келажакни кўзлаётган ёки шунчаки фанатлар фикрини аниқлаш мақсадида сўровнома ташкил этган бўлиши ҳам мумкин.

ЎҚИНГ: 256 МПлик камерали илк смартфонни ким тайёрлаганини биласизми?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.