Xiaomi компанияси Redmi 8’дан нақ икки карра кучли арзон смартфон тайёрлаяпти!

  •   DiMaX
  •  2367
  •  25.12.2019 11:48

Xiaomi компанияси Redmi 8’дан нақ икки карра кучли арзон смартфон тайёрлаяпти!

«Хитойча Apple»нинг арзончи бренди ўзининг навбатдаги – Redmi 9 смартфонини тайёрлаётгани ҳақида ёзганмиз. Энди эса унинг «электрон юраги» ҳақида нисбатан батафсил маълумотлар пайдо бўлди.

ЎҚИНГ: Xiaomi ва Redmi смартфонларида яна бир фойдали функция пайдо бўляпти

Ушбу смартфон ҳали расман намойиш этилмаган MediaTek Helio G70 процессорида ишлаши айтилмоқда. Тарқалган янги хабарлар мазкур чипсетнинг конфигурацияси ҳақида тасаввурлар ҳосил қилишга имкон беради.

Унга кўра, ушбу платформа 2 гигагерцгача такт частотасида ишловчи иккита Cortex-A75 ядроси ҳамда максимал 1,7-1,8 ГГц частотали олтита Cortex-A55 ядросини, шунингдек, Mali-G52 MC2 график тезлатгичини ўз ичига олади. Умуман олганда, шу йилнинг июнида тақдим этилган Helio P65 процессори ҳам деярли айнан шунақа тузилишга эга эди. Афтидан, бу – ўша чипсетнинг ўзи, фақат MediaTek маркетинг мақсадида уни қайта номлаган бўлиши мумкин.

Самарадорлик масаласига келсак, янги процессор Helio P60/P70 русумли платформалардан кўра кучлироқ бўлиши керак. Яъни, у тахминан Snapdragon 665/675 даражасидаги чипсет бўлади. Redmi 9 эса бундай бақувват «электрон юрак» билан Snapdragon 439 процессорли Redmi 8 моделидан деярли икки баравар тезкорлик намоён эта олади. Xiaomi бу смартфонини 2020 йилнинг баҳорида тақдим этиши ва анъанага кўра у ҳамёнбоп бўлиши кутилаётир.

ЎҚИНГ: Таққос: Xiaomi Mi 9T vs Xiaomi Redmi Note 8 Pro

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!