Xiaomi кучли флагманлар «кушандаси»ни тайёрламоқда

Xiaomi кучли флагманлар «кушандаси»ни тайёрламоқда

Xiaomi бу йил алоҳида иштиёқ билан рақобатга киришган. Компания турли-туман смартфонларни ишлаб чиқаришни режа қилмоқда. Ҳамёнбоп, ўрта нарх ва қимматбаҳо смартфон моделлари орасида премиум-смартфон ҳам бор. Маълум бўлишича, бренднинг бу модели рақиб флагманларга «кушанда» бўлади. Бу тўғрида PhoneRadar нашри хабар тарқатган.

Шу йилнинг февралида Xiaomi компанияси Black Shark номли бўлинмасини ишга туширган эди. Куни кеча бу бўлинма смартфон бозоридаги энг кучли флагманларга қарши смартфонлар ишлаб чиқариши маълум бўлди.

Инсайдерларнинг сўзларига кўра, хитойлик корпорация режа қилаётган илк смартфон сўнгги техника ҳамда технологиялар билан бирга, ўйин ўйнашга ҳам мўлжалланган бўлади.

Xiaomi бу моделни ромсиз дизайндаги, кадрнинг янгиланиш частотаси 120 Гц бўлган IPS-экран билан таъминлайди. Шу билан бирга, бу смартфон учун йилнинг энг кучли чипи -- 8 ядроли, 2,8 ГГц частота тезлигида ишлайдиган Snapdragon 845 процессори, Adreno 630 видео картаси танланади.

Девайснинг ўзига хосликлари сифатида стереодинамикларни, 10 гигабайтли тезкор хотирани, 256 гигабайтли доимий хотирани айтиш мумкин. Гаджетга USB Type-C порти, 5000 мА соат ток сиғимига эга аккумулятор, Wi-Fi 802.11ac, Bluetooth 5.0 LE ҳамда NFC модуллари ўрнатилади.

Айтиш жоизки, бу илғор смартфон инновацион техник жиҳатлар билан таъминланиш баробарида, нарх борасида ҳам камтар бўлади. Агар Samsung шундай смартфон ишлаб чиқарганида, унинг баҳоси $1100 АҚШ долларидан юқори бўлган бўлар эди. Xiaomi эса камтарлик қилиб, фойдани кўзламаяпти ва кучли гаджетини $700 АҚШ долларига нархлашга қарор қилган.

Маълумотларга кўра, Xiaomi ижодига мансуб энг кучли флагманлар «кушандаси» 2018 йилнинг иккинчи ярмида тақдим этилади. Экспертларнинг фикрича, бу флагман ёзда, аниқроғи августда тақдим этилади. Чунки айнан шу вақтда Samsung ва Apple янги мобил алоқа воситаларини намойиш қиладилар.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.