Xiaomi Mi 10 ҳамда Mi 10 Pro тақдим этилди – нарх ва хусусиятлари билан танишамиз!

  •   DiMaX
  •  3426
  •  13.02.2020 14:43

Xiaomi Mi 10 ҳамда Mi 10 Pro тақдим этилди – нарх ва хусусиятлари билан танишамиз!

«Хитойча Apple» ўзининг ўн йиллигига бағишлаб бугун – 13 февраль куни Xiaomi Mi 10 ва Mi 10 Pro флагманларини намойиш қилди. «Осмон ости салтанати»да бошланган мамлакатларда тарқалиб улгурган коронавирус эпидемияси туфайли, тақдимот фақат онлайн трансляция форматида ўтказилди.

ЎҚИНГ: Барчасига коронавирус айбдор – MWC 2020 ҳам бекор қилинди!

Xiaomi Mi 10 ва Mi 10 Pro смартфонларининг аксар хусусиятлари бир хил: масалан, иккаласи ҳам диагоналига 6,67 дюймлик AMOLED-экранга эга. Дисплейнинг тасвир аниқлиги 2340х1080 пикселлик, тасвирнинг янгиланиш частотаси 90 Гц, ёрқинлиги 1129 кд/м2, контрасти 5000000:1 бўлиб, HDR10+ форматини қўллаб-қувватлайди. Дисплейнинг икки ёни бироз қайрилган бўлса-да, «шаршара экран» эмас. Юқори чап бурчагида олд камера учун тирқиш ўйилган; компания куни кеча мақтанганидек, бу камера сенсори энг митти – диаметри атиги 2 миллиметрлик, дисплейда унга очилган тирқиш ҳам кичик – 4,08 миллиметрлик ўлчамда.

Xiaomi Mi 10 моделлари «тўлиғича симметрик» стереодинамиклар билан таъминланган. Шунингдек, атроф қанчалик ёритилганлигини аниқловчи датчик ҳам иккита бўлиб, корпуснинг олд ва орқа томонларида жойлашган – улар смартфонда ёрқинликнинг автоматик созланишини яхшилайди. Корпуснинг юқори қисмидаги инфрақизил порт смртфонни турли маиший техника жиҳозларини бошқариш пульти сифатида қўллашга имкон беради.

Mi 10 ҳамда Mi 10 Pro флагманлари, табиийки, энг кучли Android-процессор – Qualcomm Snapdragon 865 чипсети базасига қурилган. Xiaomi уларни «янги авлод самарадорлик қироли» дея мақтаганича бор: Antutu бенчмаркида Mi 10 рекорд натижа кўрсатган – 585 минг баллдан ошиқ.

Флагманларнинг ишлаб чиқарувчи алоҳида таъкидлаб кўрсатган бошқа илғор жиҳатлари: янгича – LPDDR5 турига мансуб тезкор хотира, UFS 3.0 тоифали ички хотира ҳамда 9,6 Гбит/сониягача тезликда маълумот алмашишга қодир Wi-Fi 6 стандартини қўллаб-қувватлашидир.

Xiaomi Mi 10’ларнинг совитиш тизими эса тўққизта ҳарорат датчигини, иссиқликни ҳайдаш учун олти қават графит ва юксак даражада иссиқлик ўтказувчи мис фольга қатламидан иборат найчани ўз ичига олган.

Xiaomi Mi 10 корпусининг қалинлиги 8,96 миллиметрга тенг. Унинг аккумулятори 4780 мА/соатлик бўлиб, 30 ваттлик технология бўйича тезкор қувватлана олади.

Смартфон батареяси 0 дан то 100 фоизгача тўлиши учун 65 дақиқа кифоя қилади. Xiaomi Mi 10 бошқа гаджетларни симсиз усулда 10 ваттлик қувват билан зарядлай олади.

ЎҚИНГ: Хитой регуляторида Xiaomi’нинг яна бир – Mi Mix Fold букламафони «қўлга тушди»!

Xiaomi Mi 10 бош камераси тўрт модулни ўз ичига олган:

  • 2 МПлик (f/2,4 диафрагмали, бокэ эффекти учун);
  • 108 МПлик (f/1,69 диафрагмали, оптик барқарорлаштириш тизимли);
  • 2 МПлик (f/2,4 диафрагмали, макросъёмка учун);
  • 13 МПлик (f/2,4 диафрагмали, кўриш бурчаги 123 даража).

Смартфоннинг олд камераси сониясига 120 кадрлик секинлаштирилган видео олишга қодир, бош камера эса 8K форматида видео ёзиб ола билади.

Xiaomi Mi 10 Pro бош камераси эса янада илғор:

  • 108 МПлик (асосий, f/1,69 диафрагмали, оптик барқарорлаштириш тизимли);
  • 12 МПлик (телефото, f/2 диафрагмали, 2 карралик оптик зум);
  • 8 МПлик (телефото, f/2 диафрагмали, 5 карралик оптик зум, оптик барқарорлаштириш тизимли);
  • 20 МПлик (f/2,2 диафрагмали, кенг бурчакли).

Xiaomi Mi 10 ҳамда Mi 10 Pro моделлари Game Turbo 3.0 технологиясини қўллаб-қувватловчи, Android 10 базасидаги MIUI 11 график қобиғи билан таъминланган. Ҳар иккала флагманда контактсиз тўловлар учун NFC модули мавжуд.

Xiaomi Mi 10 Pro моделининг стандарт флагмандан кучли жиҳати – янада бақувват стереодинамиклар қўллангнидир. Унинг аккумулятори ток сиғими сал камроқ – 4500 мА/соатлик, аммо у нақ 50 ваттлик қувват билан тазкор зарядлана олади – батареяси 50 дақиқадаёқ тўлиб улгуради! Смартфон жамланмасига эса 65 ваттлик қувватлагич киритилган бўлиб, унинг ёрдамида ҳатто ноутбукларни зарядлаш мумкин.

Нархи масаласига келсак, бу флагманлар тезкор/ички хотира ҳажмига кўра қуйидагича баҳоланган:

Xiaomi Mi 10, 8/128 ГБ – 573 доллар;

Xiaomi Mi 10, 8/256 ГБ – 615 доллар;

Xiaomi Mi 10, 12/256 ГБ – 673 доллар;

Xiaomi Mi 10 Pro, 8/256 ГБ – 716 доллар;

Xiaomi Mi 10 Pro, 12/256 ГБ – 787 доллар;

Xiaomi Mi 10 Pro, 12/512 ГБ – 859 доллар.

Компания ушбу қурилмаларини 18 февралдан сота бошлайди; кейинроқ уларнинг 5G-версиялари ҳам чиқарилиши айтилган.

ЎҚИНГ: Mi 10’ларни қўятуринг, Xiaomi яна бир «бомба» смартфон тайёрлаяпти! (+«жонли» расмлар)