Xiaomi Mi 10 туркумида 300 доллардан арзон 5G-смартфон чиқди!

  •   DiMaX
  •  2746
  •  05.01.2021 17:20

Xiaomi Mi 10 туркумида 300 доллардан арзон 5G-смартфон чиқди!

Xiaomi компанияси «Мукаммал ўнталик» (The Perfect 10) дея мақталаётган Mi 10i смартфонининг намойиш кунини декабрдаёқ айтган. Унгача Geekbench сервисида синаб кўришганида, гаджетнинг баъзи техник жиҳатлари фош бўлган эди.

ЎҚИНГ: Xiaomi энг зўр ва қиммат флагманини тайёрлади, лекин бу Mi 11 ҳам, Mi 11 Pro ҳам эмас!

Xiaomi Mi 10i 5G модели Qualcomm компаниясининг Snapdragon 750G процессори асосида яратилган, яъни у бешинчи авлод уяли алоқа тармоғини қўллаб-қувватлайди. Смартфоннинг бошқа инновацион жиҳатлари қаторида 120 герцлик дисплейи ҳамда 108 мегапикселлик квадрокамерасини айтиб ўтиш мумкин.

Смартфонинг IPS-экрани диагоналига 6,67 дюймлик, тасвир аниқлиги FHD+ форматида. Дисплейнинг ёрқинлиги 450 кд/м2 бўлиб, у кенгайтирилган HDR10 динамик диапазонини қўллаб-қувватлайди. Кадр янгиланиши 120 герцлик бўлса, сенсор қатламининг янгиланиш частотаси 240 герцга тенг. Корпуснинг орқа панели ҳам, экрани ҳам Gorilla Glass 5 ҳимоя шишаси билан муҳофаза этилган.

Mi 10i 5G корпусининг ўлчамлари 165,4х76,8х9 миллиметрни ташкил этса, вазни 215 граммга тенг. Xiaomi уни IP53 стандартига кўра сув сачрашидан ҳимоялаган.

Бу моделни бемалол селфифон деб аташ мумкин – гарчи экран туйнугидаги датчиги 16 мегапикселлик бўлса-да, имкониятлари зўр. Жумладан, унга тасвирни электрон барқарорлаштириш тизими жорий этилган; тағин селфи-камеранинг ўзида сониясига 30 кадрлик частотада 1080p аниқликдаги видео, шунингдек, сониясига 120 кадрлик частотада секинлаштирилган видео олиш мумкин.

ЎҚИНГ: Android-смартфоннинг олд камерасига виртуал фоточақноқ қўшамиз

Xiaomi Mi 10i бош камерасида 108 мегапикселлик Samsung ISOCELL HM2 датчиги қўлланган. Иккинчи – кенг бурчакли модуль 8 МПлик аниқликда; квадрокамера таркибига яна ҳар бири 2 мегапикселлик макросъёмка сенсори ва саҳна чуқурлигини аниқлаш датчиги кирган.

Смартфонда тезкор хотира сифатида 8 гигабайтгача ҳажмли LPPDR4x туридаги, доимий хотира тарзида эса 128 ГБгача ҳажмдаги UFS 2.2 тоифали чиплар қўлланган. Унда иккинчи SIM-карта ўрнига microSD туридаги хотира картаси қўйиш имкони ҳам мавжуд.

Xiaomi Mi 10i 5G орқа панелидаги 11 та иссиқлик датчиги бор – улар ички совитиш тизими ёрдмида смартфоннинг ҳароратини мувозанатлаштириб туришда қўл келади.

Компания бу телефонини Android 10 операцион тизим талқини асосида тайёрланган MIUI 12 график қобиғи билан тақдим этган. Аккумуляторининг ток сиғими 4820 мА/соатлик бўлиб, 33 ваттлик тезкор қувват ола билади.

ЎҚИНГ: Ушбу 22 хил Xiaomi, Redmi ва Poco смартфонларига MIUI 12.5 прошивкасини ҳозироқ ўрнатишингиз мумкин!

Mi 10i 5G корпусида яна Wi-Fi 802.11ac, Bluetooth 5.1, GPS, NFC, USB-C ва инфрақизил портлари, шунингдек 3,5 мм.лик аудиотирқиш, корпуснинг ён қиррасида дактилоскоп мавжуд. Қурилманинг стереодинамиклари эса Hi-Res Audio тизимини қўллаб-қувватлайди.

Xiaomi ушбу маҳсулотини 8 январдан қуйидаги нархларда Ҳиндистонда сота бошлайди:

6/64 ГБлиги – 287 доллар;

6/128 ГБлиги – 300 доллар;

8/128 ГБлиги – 328 доллар.

Xiaomi Mi 10i моделининг бошқа мамлакатлар бозорларига чиқиш вақти ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi 10T Lite 5G'нинг тўлиқ техник жиҳатлари билан танишинг

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!