Xiaomi Mi 10 Ultra’нинг тақдимотда айтилмаган яна бир сири очилди!

  •   DiMaX
  •  2187
  •  05.10.2020 12:28

Xiaomi Mi 10 Ultra’нинг тақдимотда айтилмаган яна бир сири очилди!

Жорий йилнинг 11 август куни Xiaomi ўзининг ўн йиллик юбилейи тадбирида Mi 10 Ultra (хитойча версияда – Mi 10 Extreme Commemorative Edition) смартфони намойишини ҳам ўтказган эди. Биз ушбу суперфлагманининг барча қисмлари олиб кўрсатилган расмий видеосини ҳамда тўлиқ техник жиҳатларини ҳам чиқарганмиз.

ЎҚИНГ: Xiaomi флагманларида яширин бир функция бор...

Буни қарангки, «Хитойча Apple» ушбу смартфонининг барча имкониятларини айтмасдан, айримларини кейинга сақлаб турган экан. Шулардан бирини Weibo ижтимоий тармоғида компания ходими Цзэн Сюэчжун (Zeng Xuezhong) эълон қилди.

Компьютерларда қўлланувчи RAMDISK технологиясини билсангиз керак – бунда турли дастурларни ўрнатиш учун тезкор хотирада (қаттиқ дискда эмас) виртуал бўлим яратиш имконини беради. Смартфонларда ҳам «оперативка» ҳажмининг ортиши билан RAMDISK қўллаш имкони пайдо бўлди; Xiaomi эса бу технологияни биринчи бўлиб оммавий тақдим этди.

Xiaomi Mi 10 Ultra моделида доимий хотира сифатида UFS 3.1 стандартидаги доимий хотира ҳамда 16 гигабайтгача ҳажмли LPDDR5 тоифали тезкор хотира чиплари қўлланган. Цзэн Сюэчжун сўзларига кўра, LPDDR5 туридаги чиплар наригисидан тахминана 50 фоизга тезкорроқ бўлгани боис, бундай тезкор хотирада RAMDISK технологияси асосида очилган виртуал дискда ўйин ва иловалар ўта тез ўрнатилади ва ишлайди. Бунинг устига, улар виртуал дискка ўрнатилгани боис, доимий хотирадан жой эгалламайди.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi 10 Ultra’да яширин камера қандай ишлашини «жонли» видеода томоша қиламиз!

Шу боисдан RAMDISK технологияси бўйича Mi 10 Ultra суперфлагмани тезкор хотирасида айнан синаб кўриш учун ўйинларни ўрнатган маъқул, дейди Xiaomi вакили. Агар ўйин ёқса, уни смартфоннинг доимий хотирасига ўрнатиш мумкин, ёқмай қолса – «оперативка»дан изсиз ўчиб кетаверади.

Цзэн Сюэчжуннинг таъкидлашича, RAMDISK технологиясини қўллаб, смартфоннинг ўзида мавжуд бўлган тезкор хотиранинг 50 фоизигача ҳажмли виртуал диск яратиш мумкин. Унга ўйинни ўрнатиш опцияси эса Mi Game Center утилитасида кўзда тутилган бўлиб, «Тезкор ўрнатиш» деб номланган. Смартфоннинг ўзига 19 сонияда ўрнатиладиган ўйин RAMDISK виртуал маконида атиги 10 сонияда ўрнатилар экан – салкам икки карра тезкор!

Хабарга кўра, айни дамда RAMDISK’ка ўндан ошиқ ўйинни ўрнатиб кўриш мумкин, лекин бу рўйхат кенгайиб боради. Бироқ суперфлагмандаги бу имконият бошқа русумлардаги Xiaomi, Redmi, Poco ва Black Shark смартфонларига ҳам тақдим этиладими-йўқми – бунисига ҳозирча аниқлик киритилмаган.

ЎҚИНГ: Кутилмаган хавф: Xiaomi смартфонларида бармоқ изи сканерини ҳам камера қилиб ишлатса бўлар экан! («жонли» видео)

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.