Xiaomi Mi 10T Lite ҳам чиқди: 249 евродан бошланувчи 5G-смартфон!

  •   DiMaX
  •  1520
  •  02.10.2020 17:53

Xiaomi Mi 10T Lite ҳам чиқди: 249 евродан бошланувчи 5G-смартфон!

«Хитойча Apple» куни кеча ўзининг Xiaomi Mi 10T ҳамда Mi 10T Pro флагманларини тақдим этгани ҳақида ёзгандик. Булардан ташқари, компания уларнинг соддалаштирилган версияси – Xiaomi Mi 10T Lite моделини ҳам кенг жамоатчиликка кўрсатган.

ЎҚИНГ: Redmi энг арзон смартфонини ҳам энг кучли модификацияда чиқарди

Гарчи номидаги «енгил»лиги билангина фарқланса-да, Xiaomi Mi 10T Lite ўз дизайнига кўра янги флагманларга эмас, балки яқиндагина чиққан ва энг оммабоп смартфонлар рейтингларидан жой олиб келаётган Poco X3 моделига ўхшайди. Табиийки, унинг техник хусусиятлари ҳам, нархи ҳам шунга яраша.

Xiaomi Mi 10T Lite диагоналига 6.67 дюймлик, IPS-матрицали дисплейга эга. Экранда кадр янгиланиш частотаси 120 герцлик, тасвир узатиш аниқлиги эса FHD+ форматида. Унинг олд камера тирқиши ҳам дисплейнинг бурчагида эмас, балки юқори қисмининг ўртасида жойлашган ва 16 мегапикселлик датчикка эга.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi 10 Ultra'нинг тўлиқ техник жиҳатлари билан танишинг

Арзонлаштирилган флагманнинг бош камераси ҳам соддароқ – 64 + 8 + 2 + 2 мегапикселлик сенсорларни ўзида жамлаган. Смартфоннинг 4820 мА/соатлик аккумулятори 33 ваттлик тезкор қувватлаш технологияси билан таъминланган. Mi 10T Lite бармоқ изи сканери корпуснинг ён қиррасига жойланган. Xiaomi бу моделини ҳам инфрақизил датчиги ҳамда NFC модули, шунингдек, Hi-Res Audio сертификацияли стереодинамиклар билан таъминлаган.

Xiaomi Mi 10T Lite модели Qualcomm яқиндагина намойиш этган Snapdragon 750G процессорли бозордаги биринчи смартфон бўляпти. Мазкур чипсет Snapdragon 730G/732G моделларининг давомчиси бўлиб, 8 нанометрлик тех-жараён асосида тайёрланган. Процессор жамланмасига юқори (2.2 ГГц частотали) самарадорликка эга бўлган иккита Cortex-A77 ядроси, қувват тежовчи (1.8 ГГц частотали) олтита Cortex-A55 ядроси ҳамда Snapdragon X52 русумли 5G-модемни ўз ичига олган.

Xiaomi Mi 10T Lite хотира ҳажмига кўра икки хил вариантда таклиф этилади: 6/64 ҳамда 6/128 гигабайтлик. Ҳар иккаласида «оперативка» учун LPDDR4x, доимий хотира учун эса UFS 2.1 стандартидаги чиплар танланган.

Бу смартфон ҳам қадоқданоқ Android 10 базасида тайёрланган MIUI 12 график қобиғи асосидаги прошивка билан таъминланган. Xiaomi уни октябрь ойиданоқ Европада сота бошлайди, нархи эса хотира ҳажмига кўра 279 евро (савдоси бошидаги Flash-чегирма бўйича – дастлаб 249 евро) ҳамда 329 еврони ташкил этади.

ЎҚИНГ: Смартфон бозорида лидер ўзгарди, Xiaomi эса Apple’га деярли етиб олди!

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.