Xiaomi Mi 6 эртадан сотувга чиқарилади

Xiaomi Mi 6 эртадан сотувга чиқарилади

18 апрел кунги тақдимотдан сўнг Xiaomi Mi 6 олиш истагида бўлган 2 миллиондан зиёд киши девайсга аввалдан онлайн равишда буюртма берган. 80 минг дона смартфондан иборат илк партия 28 апрелдан смартфон бозорига чиқарилади.

Экспертларнинг фикрича, мазкур флагман дизайн жиҳатдан Samsung Galaxy S7’ни эслатиб юборса, унинг қувват манбаи S8’ники каби сиғимдор. Шунингдек, флагмандаги камера технологияси эса iPhone 7’дан қолишмаслиги — унинг смартфон бозорида муваффақият қозонишини таъминлайди.

Mi 6 флагмани 5,15 дюймли Full HD дисплей, айни пайтда жаҳондаги илғор — 2,45 ГГц частота тезлигида ишлайдиган Snapdragon 835 процессори, Adreno 540 видеокартаси ҳамда 6 Гб тезкор хотира, 64 Гб/128 Гб доимий хотира билан таъминланган. У 3.5 мм.ли анъанавий аудио коннектордан воз кечга илк хитойлик флагман телефон.

Гаджет орқа панелида 12 мегапикселли қўш модулли бош камера, олд панелда эса 8 мегапикселли олд камера ўрнатилган. Бармоқ излари сканери олд панелдаги ботиқ дизайнли бош тугмага жойлаштирилган. Девайс куч-қувватини сиғими 3350 мА соат бўлган аккумулятордан олади. Смартфон Android 7.1.1 базасидаги MIUI ўзлаштирилган тизимида фаолият кўрсатади.

Зангламас пўлат ва шиша уйғунлигидаги корпусга эга Mi 6 қора, оқ ва кўк рангли талқинларда ишлаб чиқарилмоқда. Унинг 64 Гб доимий хотирали талқини 363 доллардан, 128 Гб модели эса 421 доллардан, худди шу моделнинг керамик корпусли талқини 436 доллардан сотувга чиқарилади.

Талабнинг жуда юқорилиги туфайли Xiaomi бир неча ой давомида Xiaomi Mi 6’га бўлган эҳтиёжни қондира олмайди. Хусусан, компания корпус етказиб берувчилар билан кўпроқ корпус ишлаб чиқариш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Маълумотларга кўра, Xiaomi Mi 6’ни йиғиш билан шуғулланувчи линия 24 соат мобайнида ишламоқда.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.