Xiaomi Mi 8 -- iPhone X ярим нархида!

Xiaomi Mi 8 -- iPhone X ярим нархида!

Xiaomi тақдим этаётган смартфонларнинг нарх ҳамда имкониятлари нисбати мухлисларни ҳайратга солишдан тўхтаётгани йўқ. Бугун биз яқиндан ўрганишга қарор қилган Mi 8 ҳам давримизнинг илғор флагманларидан саналади, шу билан бирга нарх ҳам инсоф доирасида.

Mi 8 флагмани AMOLED-панели ҳамда айни пайтда жаҳоннинг энг кучли чипларидан бўлган Snapdragon 845 ҳамда кучли камералар билан таъминланган. Қуйида ушбу девайснинг ҳар бир жиҳатига алоҳида диққат қиламиз.

Ташқи кўриниш
Xiaomi Mi 8 моделига эътибор берсак, унинг iPhone X услубида ишлаб чиқарилганига гувоҳ бўламиз. Эҳтимол, ташқи кўриниш тўлиқ айфондан кўчирилган, дейиш хатодир.

Айни пайтда экран устида сенсорлар учун махсус жой қолдириш трендга айланди. iPhone X услубининг ўзига хослиги -- смартфон ўлчамини сақлаб қолган ҳолда, экран улишини оширишдир. Mi 8 ўлчамидан одатий 5,5-5,7 дюймли смартфонлар сирасига киради, бироқ экран йириклашган.

Бош экран дизайнни бир сўз билан металл ва шиша уйғунлигидаги "классик сэндвич" дейиш мумкин.

Дарвоқе, экран юқорисидаги «қош-кўз»да фақатгина олд камера эмас, ўтказиб юборилган ҳодисалардан хабар берувчи светодиодли чироқ, инфра қизил нур ҳамда сканер мавжуд. Бу сенсор 3D ўлчамда юзни аниқ-тиниқ текширувдан ўтказади ҳамда смартфонни блокировкадан чиқаради.

Шунингдек, оралиқ-масофа ҳамда ёруғликни автоматик созлаш сенсорлари ҳам мазкур ҳудудда жойлашган. Смартфонни блокировкадан чиқариш шароит танлаймади - ёруғлик бўлмаса ҳам ишлайди.

Экран ёнларидаги ром жуда ҳам юпқа эмас, бироқ бунинг ҳам яхши томони бор. Хусусан, экран клавишларини ўчириб, смартфонни тезкор бошқариш жараёнида ён томон ромлари жуда юпқа бўлса ҳам, экранни тезкор очиш мураккаблашади.

Орқа томон ҳимоя шишаси билан қоплаб олинган. Камера объективларининг жойлашуви биз учун янгилик эмас. Ҳамёнбоп Redmi моделлари ҳам худди шундай дизайндаги бош камераларни кўрганмиз. Xiaomi фойдаланувчига қиёфа блокировкасидан ташқари, бармоқ изи сканери орқали ҳам девайс тизимига кириш имконини қолдирган. Сизга қай бири қулай бўлса, шуни танлайсиз.

Айтганча, смартфон корпуси 4 хил рангда ишлаб чиқарилади: кўк, тилла ранг, оқ ҳамда қора. Ён томон ромлар смартфон орқа панелининг туси билан бир хил бўлади.
Xiaomi Mi 8 моделининг корпус қалинлиги ғоятда юпқа -- 7 мм, вазни — 175 грамм.

Ён ромлар алюминийдан тайёрлангани учун телефон кафтингизда ҳашамдор кўринади. Унинг вазни ҳам салмоқли (175 грамм). Корпус йиғилишлари доимгидек гап-сўзсиз, юқори сифатли.

Орқа панелга ётқизилган шиша ҳамда ром орасида бир оз бўш жой қолдирилган. Бунинг сабаби, смартфон нохос қўлдан тушиб кетганида, ёни билан ерга тушган тақдирда, шишага дарз кетмаслиги учун шундай қилинган.

Порт якка-ягона - USB Type-C. Мультимедиа динамиги ҳам битта. Суҳбат динамиги эса унга ёрдам бера олмайди.
Корпус сув томчиси ҳамда чангдан ҳимоя қилинган. Бироқ смартфон унча чуқур бўлмаган ҳовузларга ҳам қўрқмай кира олади. Аммо Xiaomi Mi 8 моделида герметик ҳимоя қатлами йўқлигини унутмаслик керак. 10-20 см.дан сўнг смартфоннинг "тоби қочиши" мумкин.

Mi 8 қадоғидаги манзара ҳам стандарт: қувватлаш қурилмаси, кабел, USB Type-C переходниги, қўлланма ҳамда шаффоф тусли силикон чехол. Чехол бир муддат ишлаб туришга бўлади, бироқ кейинчалик уни алмаштириш керак.

Дисплей

Экран диагонали 6,21 дюйм, яхши хабар - унда AMOLED матрицадан фойдаланилган, аниқлик даражаси ҳам ёмон эмас -- 2248×1080 пикселга тенг, яъни яъни FHD+ аниқлигида. Экран томонларининг нисбати 18,7:9 ўлчамли. Экран қуёш нури остида ҳам ўзини йўқотиб қўймайди. Дисплейга бир сўз билан таъриф берсак - гап йўқ!

Олд панелнинг 88.5% фоиз қисми экрандан иборат.
Албатта, доғ-дуғ юқмаслиги учун экранга олеофоб қопламаси ётқизилган. Corning Gorilla Glass 5 ҳимоя шишаси эса экран учун чинакам зирҳ.

Ёруғлик даражаси 1,3 дан 433 кд/м² гача етади. Контраст ҳам максимал, чунки AMOLED матрица!

AMOLED дисплейни рангларни жилодор ва ёрқин акс эттириши билан жаҳонда тнгсиз. Йирик экран фойдаланувчига тасвирни мароқ билан томоша қилиш ҳамда смартфонда мириқиб ўйин ўйнашга ёрдам беради.

Экранни созлаш учун қатор имкониятлар берилади, ранг узатиш даражасини ҳам созлаш мумкин бўлади. Always on режими ҳам энди Xiaomi учун одатий имкониятга айланди. Экранда вақт, сана, ўтказиб юборилган ҳодисалар тўғрисида ахборот акс этиб туради.

Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, дисплей DCI-P3 стандарти калибровка қилинган. Стандарт созламаларда тасвир "совуқ тусли" туйилса ҳам, ранг ҳароратини мустақил равишда ўзгартириш мумкин.

Аппарат платформаси
Xiaomi Mi 8 айни пайтда кучли чип бўлмиш Qualcomm Snapdragon 845 билан таъминланган.

Snapdragon 845 чипи смартфонга имкониятлар эшигини очиб берган. AnTuTu томонидан июлда тақдим этилган рейтингда Xiaomi Mi 8 273221 балл билан жаҳоннинг энг кучли тўртинчи Андроид флагмани бўлиб турибди.

Саккиз ядроли ушбу процессор тезкорлиги ҳамда қувват тежамкорлиги билан ўзига хос. Қолаверса, бу чипсетга "сунъий ақл"ни ҳам татбиқ қилиш мумкин. Смартфон тизимидаги бу жиҳат унга замонавий функцияларни жорий қилиш учун айни муддао. Айниқса, "сунъий онг" олд ва орқа камераларга "AI Portrait" (портрет) ҳамда "AI Beauty" (гўзаллаштириш) суратлар олиш имконини беради.

Шу билан бирга, Mi 8 ўзидаги Adreno 630 видео картаси, 8 гигабайтгача бўлган оператив хотираси (LPDDR4x), 128 гигабайтгача (UFS 2.1) доимий хотира билан ҳам ўзига хосдир. Бу платформа ҳар қандай ўйинни ўйнаш ҳамда смартфонда бир вақтда кўп вазифаларни амалга ошириш учун етарли.
Доимий хотирани катталаштириш учун алоҳида бўлмача мавжуд эмас.

Жиҳатлар 2018-йилнинг флагманларига хос. Ҳар қандай илова ҳамда ўйинларни бу платформада осон ўйнаш, улардан фойдаланиш мумкин.

Симсиз қуйидаги интерфейслар мавжуд: NFC, Wi-Fi 802.11 a/b/g/n/ac, Bluetooth 5.0 ҳамда GPS. Уйдаги маиши техникани бошқариш учун инфра қизил порт йўқ. Мобил тармоқда алоқа қуриш, овозни узатиш ҳамда суҳбат динамиги ва микрофоннинг ишлаши билан муаммо йўқ.

Mi 8 айни пайтда Аndroid 8.1.0 тизимининг ўзлаштирилган MIUI 9.5 прошивкасида ишлайди. Android P га асосланган илғор MIUI 10 ҳам тез орада чиқиб қолади. Шунингдек, унинг глобал прошивкаси ҳам чиқади, яъни смартфондан рус тилида ҳам фойдаланиш мумкин бўлади. Mi 8 девайсидаги экран частотаси юқори бўлгани учун интерфейс "учиб" ишлайди.


Аккумулятор имкониятлари

Флагмандаги аккумуляторнинг ток сиғими 3400 мА соат. Смартфон Qualcomm Quick Charge 4+ технологиясини қўллаб-қувватлаши ёзилган бўлса ҳам, қадоқда Qualcomm Quick Charge 3.0 технологияси учун қурилма мавжуд.
Ўртача фойдаланганда смартфоннинг тўлиқ қуввати 1,5 кунга етади.

PCMark Work 2.0 ресурсининг аккумулятор имкониятларини ўрганиш учун имтиҳонида экран ёруғлиги 200 кд/м² даражада бўлганида смартфон 8 соат 38 дақиқа ишлаган — умуман олганда ёмон натижа эмас.

Камера имкониятлари

Xiaomi Mi 8 бош камерасининг асосий сенсори 20 мегапикселли ва ёруғлик тақсимловчи диафрагма f / 1.7 стандартли; бош камеранинг қўшимча сенсори ҳам 12 мегапикселли, бироқ f / 2.4 диафрагмали.

Олд камерадаги сенсор 16 мегапикселли, унинг ёруғлик тақсимловчи диафрагмаси f / 2.0. Барча камералар "ақлли", яъни сунъий технология ёрдамида ёрқин суратлар олиш учун мустақил ишлай олади.

DxOMark'нинг ҳисоботига кўра, Xiaomi Mi 8 сурат олишда 99 баллни ((фото учун 105, видео учун 88)) қўлга киритган.

"Сунъий ақл"га асосланган "AI режими", айниқса кўпчилик фойдаланувчилар томнидан эътироф этилмоқда. Унинг ишлаш тамойили HDR режимини эслатади, фақат рангларни тўйинган кўринишда акс эттиришга уста.

Аксарият ҳолатда флагман камерасида олинган суратлардан кўнглингиз тўлади. Қоронғуда бир оз панд бериши мумкин.

Портрет режими жуда яхши ишлайди, аммо орқа фондаги ғира-шира тус табиийдек туйилмаслиги мумкин, бироқ бу кўпчилик учун аҳамиятсиз.

20 Мп (Samsung S5K3T, f/2.0, пиксел ўлчами 1.8 мкм) олд камера ҳам AI режимида, шунингдек HDR ҳамда портрет режимида ишлайди. Умуман олганда, селфилар сизни хурсанд қилади.

Девайсда 4K сиғимли видеолар ёзиш мумкин. Шу билан бирга, унда тасвирни барқарорлаштириш функцияси йўқ. Барқарор тасвир олиш учун 1080p сиғимли видео олган маъқул.

Нарх-наво

Айни пайтда юртимизга ҳам бу илғор девайс олиб келинмоқда. Унинг Хитой талқинини (прошивкаси билан фарқ қилади) 4,1 миллион сўмдан, халқаро талқинни эса 4,5 миллион сўмдан харид қилиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Xiaomi Mi 8 флагманининг 6 ГБ + 64 ГБ хотирали талқини Хитойда 421 АҚШ долларидан, 6 ГБ + 256 ГБ хотирага эга талқини 515 АҚШ долларидан сотилмоқда. Нарх ҳозирча юртимизда қиммат. Бироқ, кўп ўтмасдан, ушбу смартфон модели кўпроқ кирса, флагман анча-мунча арзонлашади.

Хулоса

Xiaomi Mi 8 моделини Huawei P20 Pro ёки Samsung Galaxy S9 билан солиштириш хато, бироқ унинг бу флагманларнинг ярим баҳосида сотилишини ҳам унутмаслик керак. Xiaomi бу гал кучли чип, замонавий дизайн, яхши камера ҳамда сифатли экран технологиясини жам қилган флагманни тақдим қилди.

Mi 8 бугунги кундаги аксарият смартфонларда мавжуд бўлмаган илғор технологияларга эга бўлган.

Улардан биринчиси қиёфани 3D ўлчамда текширувдан ўтказиш тизимининг жорий қилингани флагмандаги улкан ютуқ. Боиси Xiaomi Mi 8 Андроид смартфонлар орасида биринчи бўлиб шундай жиҳатга эга бўлди. Қоронғуда ҳам инфра қизил модул фойдаланувчининг қиёфасини бемалол текширувдан ўтказа олади.


Техник жиҳатлар

Ўрнатилган операцион тизим: Android (8.1 Oreo) + MIUI 10;
Оператив хотира: 6/8 ГБ;
Доимий хотира: 64/128/256;
Хотирани кенгайтириш: Йўқ;
SIM-карта: 2 та Nano-SIM;
Процессор: Qualcomm Snapdragon 845 + GPU Adreno 630 видео картаси;
Ядролар сони: 8 та;
Частота интервали: 2,8 ГГц;
Аккумулятор батарея сиғими: 3400 мА соат;
Диагонал: 6,21 дюймли;
Пиксел сиғими: 2248х1080, ҳар дюймда PPI 402;
Матрица тури: AMOLED;
Ёруғликни созлаш датчиги: бор;
Экран жиҳатлари: ёруғлик даражаси 600 нит, контрастност 60000:1;
Бош камера: 12 (f/1.8) +12 (f/2.4);
Бош камерада видео олиш: 4К UHD (3840x2160), Full HD (1920х1080), секинлаштирилган видео;
Фоточақноқ: қўш, LED;
Олд камера: 20 (f/2.0) Мп;
Маълумотларни юқори тезликда узатиш: GPRS/EDGE/3G/LTE
Wi-Fi 802.11 a/b/g/n/ac, Wi-Fi Direct
Bluetooth 5.0 A2DP, LE, aptX HD
GPS + (A-GPS, GLONASS, BDS, GALILEO, QZSS);
FM-радио: бор;
Аудио порт: Type C;
NFC: бор;
Интерфейс: USB 2.0 (Type С);
Смартфон ўлчамлари: 154,9х74,8х7,6 мм;
Вазни: 175 грамм;
Корпус: моноблок;
Корпус материали: алюминий, шиша;
Қўшимча: бармоқ изи сканери, инфра-қизил сканер (Infrared Face Unlock), масофа датчиги, гироскоп, барометр, Ҳолл датчиги, компас, масофа датчиги, Quick Charge 4.0+ тезкор қувватлаш.

Хулоса

Бугун биз яқиндан ўрганишга қарор қилган Mi 8 ҳам давримизнинг илғор флагманларидан саналади, шу билан бирга нарх ҳам инсоф доирасида.

8.4балл

Mi 8 флагмани AMOLED-панели ҳамда айни пайтда жаҳоннинг энг кучли чипларидан бўлган Snapdragon 845 ҳамда кучли камералар билан таъминланган. Қуйида ушбу девайснинг ҳар бир жиҳатига алоҳида диққат қиламиз.

Экран

Камера

Процессор

Дизайн

Аккумулятор

Қаердан сотиб олиш мумкин?

"Малика" 4.1 млн сўм Сотиб олиш

 Афзаллиги

  • сифатли экран
  • яхши камера
  • кучли платформа
  • ҳашамдор дизайн

 Камчилиги

  • ҳозирча халқаро версия йўқ
  • iPhone X кўчирилган
  • 4K ёзишда барқарорлаштириш йўқ
  • стерео-овоз йўқ
Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!