Xiaomi Mi 8 Lite тақдим этилди: 204 долларга флагман дизайнли ўртача смартфон!

  •   DiMaX
  •  1986
  •  20.09.2018 09:36

Xiaomi Mi 8 Lite тақдим этилди: 204 долларга флагман дизайнли ўртача смартфон!

Кўпдан бери инсайдерлик хабарларида Mi 8 Youth Edition деб келинаётган смартфонни Xiaomi компанияси 19 сентябрда тақдим этди. Фақат бу модел бозорга Mi 8 Lite номи билан чиқарилмоқда.

ЎҚИНГ: Xiaomi раҳбари «жонли» кўрсатди: Mi 8 Youth эмас, Mi 8 Lite экан, у аллақачон сотувга қўйилган!

Xiaomi Mi 8 Lite диагоналига 6.26 дюймлик экранга эга, аммо бу Mi 8 флагманларидаги сингари AMOLED-панел эмас. Дисплейнинг тасвир аниқлиги Full HD+ форматида – 2280x1080 пикселли. Экраннинг тепа қисмидаги «ўйиқ» кичикроқ, чунки компания у ерга инфрақизил камера ўрнатмаган.

Қурилманинг «электрон юраги» аввалги хабарларда айтилганидек Snapdragon 710 эмас, балки сал камтарона – максимал 2.2 ГГц частотали, 8 ядроли Snapdragon 660 чипи бўлиб чиқди. Mi 8 Lite тезкор хотираси 4 ва 6, доимий хотираси эса 64 ҳамда 128 гигабай ҳажмли бўлади, уларга қўшимча хотира картаси қўйилмайди.

Смартфоннинг асосий камераси қўшалоқ бўлса-да, горизонтал жойлашувига кўра ҳам, датчиклари билан ҳам стандарт Mi 8 флагманидан оддийроқ. Унинг асосий модули – 12 мегапикселли Sony IMX363 сенсори f/1.9 апертурага эга. Унга ёрдамчи объектив эса 5 мегапикселлидир.

Аммо олд камера «хитойча Apple»нинг флагманидагидан ҳам яхшиланган – 20 эмас, балки 24 мегапикселли Sony IMX576 датчиги. Тақдимот маросимида селфини яхшилаш имкониятларини тақдим этувчи созламалар ҳақида компания ходимлари кўп гапиришган, жумладан, унда макияж эффекти ҳам бор. Xiaomi Mi 8 Lite олд камераси орқали эгасини юзидан таниб тизимни қулфдан чиқариш хусусиятига эга. Бундан ташқари, корпусининг орқа панелида бармоқ изи сканери ҳам жойланган.

Қалинлиги 7.5 миллиметрлик корпус ҳар икки томонидан 2.5D ҳимоя шишаси билан қопланган. Mi 8 Lite жилокор (градиент) тўқ кулранг, пушти-тилларанг ва мовий-бинафшаранг тусли корпусларда ишлаб чиқарилади.

Аккумулятор ток сиғими 3350 мА/соат бўлиб, Quick Charge 3.0 тезкор қувватлаш технологиясига эга. Девайс икки диапазонли Wi-Fi адаптери ҳамда Bluetooth 5.0 модули билан таъминланган. Қулоқчин уланувчи стандарт 3.5 миллиметрлик порт йўқ, жамланма қутисида USB Type-C портидан мини-джекка ўтказувчи переходник солинган. Бу смартфонда NFC ҳамда инфрақизил порт ҳам кўзда тутилмаган.

Ушбу моделнинг бошланғич – 4/64 ГБ ҳажмли талқини фақат кул ранг корпусда, 204 АҚШ доллари нархида бозорга чиқарилади. Тезкор/ички хотираси 6/64 гигабайтлик ўртача талқини салкам 250 долларга тўғри келса, 6/128 гигабайтлик юқори талқини 292 доллар туради.

Xiaomi Mi 8 Lite маҳаллий бозорга 25 сентябрдан чиқарилади, унинг глобал савдога тақдим этилиши ҳозирча номаълум. Бироқ компаниянинг аксарият смартфонлари, шу шумладан «Тезкорлик устаси» дея тавсифланувчи арзон флагмани – Pocophone F1 ҳам Ўзбекистонда расмий кафолат билан сотилмоқда.

ЎҚИНГ: Terashop.uz’даги 1 500 000 сўмгача нархли Xiaomi смартфонлари (2018 йил 19 сентябрь) – харидингиз Ўзбекистон бўйлаб бепул элтиб берилади!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!