Xiaomi Mi Band 1Sга олдиндан буюртма бериш йўлга қўйилди

Xiaomi Mi Band 1Sга олдиндан буюртма бериш йўлга қўйилди

Яқинда Хитойнинг Xiaomi компанияси Mi Band ҳамёнбоп фитнес-трекерининг янгиланган версияси бўлмиш энг арзон нархли фитнес-билагузукни тақдим этди. Такомиллашган билагузук соддагина Mi Band 1S номини олди, аммо функциялари сони ошиб, юрак уриш частотаси датчиги ҳам қўшилди.

Пульсометрдан ташқари Xiaomi Mi Band1S қуйидаги имкониятларга эга:

  • қадамўлчагич;
  • масофа ўлчагич;
  • сарфланган калорияни ўлчаш;
  • уйқуни мониторинг қилиш;
  • “ақлли уйғотгич”;
  • қўнғироқлар ва қабул қилинган хабарлар тўғрисида билдиришномалар;
  • планшет ва смартфонни блокдан ечиш.

Фитнес-трекернинг дизайни аккумуляторининг сиғими каби деярли ўзгармагани эътиборга лойиқ. Билагузукда билдиришномаларни кўрсатувчи таниш дисплей йўқ, силикон тасмаси аввалгидай қолган. Тасма харидор таъбига кўра ҳар хил рангда чиқарилган.

Mi Band 1S IP67 стандарти бўйича сув ва чангдан ҳимояланган. Ўлчами 37 × 13,6 × 9,9ммга тенг, тасмаси билан қўшиб ҳисоблаганда оғирлиги 14 гр. Фитнес-билагузукни iOS ёки GoogleAndroid тизимида ишловчи смартфон ва планшет билан синхронлаштириш имкони бор.

Энг биринчи чиқарилган Mi Band 13 долларлик (етказиб бериши билан 15 доллар) паст нархи билан харидорлар эътиборини қозониб, оммалашган эди. Mi Band 1Sни эса ишлаб чиқарувчига қарашли дўконда 14,99 доллар нархда сотишмоқда. Қурилмани шу йил 11 ноябрдан сотиш бошланди. Спорт билан фаол шуғулланувчилар учун бу яхшигина топилдиқ бўлиб, машқ самарадорлигини оширишда қўл келади.