Xiaomi Mi Max 3 кутилганидан кўра кучлироқ бўлади

  •   DiMaX
  •  1489
  •  14.06.2018 17:17

Xiaomi Mi Max 3 кутилганидан кўра кучлироқ бўлади

Xiaomi компаниясининг учинчи авлод фаблети ҳақида шу пайтгача турли миш-мишлар тарқалган. Лекин  Mi Max 3 улардан ҳам қизиқарлироқ бўладиганга ўхшаяпти.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi Max 3’нинг илк «жонли» суратини томоша қилинг!

Ушбу «лопатафон» 6.99 дюймлик Full HD+ дисплейга эга, дейишмоқда; экраннинг томонлари ўзаро  18:9 нисбатда бўлади. Унинг «электрон юраги» сифатида Snapdragon 660 ёки 636 қўйилиши айтиб келинаётган эди. Лекин янги хабарларга кўра, бу фаблет саккиз ядроли бақувват Snapdragon 710 процессори базасида ишлайди. Тезкор хотираси эса бошланғич версияда 4, «катта» версиясида эса 6 гигабайтни ташкил этади.

Фаблетнинг шу ва бошқа жиҳатлари Weibo тармоғида эълон қилинган:

Mi Max 3 смартфонининг асосий камераси қўшалоқ: улардан биттаси – Mi 8 ҳамда Mi Mix 2S моделларида ҳам қўлланган 12 мегапикселли Sony IMX363 сенсори; иккинчиси эса 20 мегапикселли объектив бўлади. 5500 мА/соатлик «қувват тоши»га эса 18 ваттгача бўлган Quick Charge 3.0 тезкор қувватлаш технологияси татбиқ этилган.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi Max 3: симсиз қувватлаш, Snapdragon 660, кўз ёйи сканери ва бошқа жиҳатлари

Аввалроқ тарқалган хабарларда Mi Max 3 кўз рангдор пардасини сканерлай олиши ҳамда симсиз қувватланиши ҳам айтилган эди. Лекин янги маълумотлар буни инкор этмоқда. Корпусининг юқори қиррасида 3.5 миллиметрлик қулоқчин тирқиши, орқа панелида эса – бармоқ изи датчиги ўрин олган.

Дарвоқе, Xiaomi компанияси MIUI 10 график қобиғини 31 май куни, Mi 8 тақдимотидаёқ намойиш этганидан хабарингиз бор. Аммо бу флагманнинг ўзи ҳозирча MIUI 9 талқинида ишлайди. Xiaomi Mi Max 3 модели эса қадоқдаёқ Android 8.1 Oreo базасидаги MIUI 10 тизимига эга бўлади.

Xiaomi раҳбари Лэй Дзюнь (Lei Jun) мазкур фаблетнинг тақдимоти июль ойига режалаштирилганини айтган. Унинг аниқ санаси эса ҳозирча номаълум, бу борадаги янгиликларни биз билан бирга кузатинг.

ЎҚИНГ: Mi Max 3 йилнинг энг мафтункор смартфони бўлади

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!