Xiaomi Mi Mix 2S флагмани тақдим қилинди

Xiaomi Mi Mix 2S флагмани тақдим қилинди

Узоқ кутилган воқеа содир бўлди: Xiaomi компанияси смартфон саноатида тақдимотдан аввал шов-шув кўтаришга муваффақ бўлган Mi Mix 2S смартфонини тақдим қилди. Смартфон ромдан холи бўлган экрани, қўш сенсорли бош камераси, "аждоди"га қараганда енгил ва ихчамлиги билан диққатга сазовор. Шу билан бирга, Mi Mix 2S Xiaomi'нинг симсиз қувват оладиган илк смартфони бўлди.

Xiaomi Mi Mix 2S бир қарашда аввалги моделни эслатиб юборади. Олдинги модел билан солиштирганда, Xiaomi Mi Mix 2S флагмани олд панелининг қуйи ҳошияси бир оз қисқарган. Олд панел қуйисида, ўнг бурчакда эса селфи камера жойлашган.

Смартфон орқа панели шиша хомашёсидан, ён ромлар эса 7000 сериясига мансуб тоза алюминий металлидан тайёрланган. Шу билан бирга, смартфоннинг корпуси керамикадан тайёрланган махсус талқини ҳам ишлаб чиқарилади.

Оддий талқин қора рангли, керамика талқини эса оқ рангли корпусда ишлаб чиқарилади.

Техник жиҳатлар ва платформа
Xiaomi Mi Mix 2S флагмани 5,99 дюймли, IPS матрицали, томонлари 18:9 нисбатли, сиғими Full HD+ (2160 х 1080 пикселли) экранга эга бўлган. Яъни, ўзгаришсиз қолган.

Орқа панелда бармоқ изи сканери ҳамда 2 та, ҳар бири 12 мегпиксел аниқлигида сурат олувчи, шунингдек оптик яқинлаштириш функцияси жорий қилинган бош камера сенсорлари жойлаштирилган. Бу сенсорларнинг асосийси учун илғор -- Sony IMX363 камера модули танланган.

Бош камерада портрет режимида ҳам сурат олса бўлади.

Xiaomi Mi Mix 2S девайсининг олд камера ҳам илғор ва унда "сунъий ақл" технологияси татбиқ этилган бўлиб, унинг ёрдамида смартфонни юз-қиёфа орқали блокировкадан чиқариш мумкин.

Xiaomi Mi Mix 2S флагмани учун кучли Qualcomm Snapdragon 845 флагман процессори танланган. Шу билан бирга, 8 гигабайтли тезкор хотира смартфон имкониятини янада оширади. Доимий маълумотларни сақлаш учун смартфонда 256 гигабайтли хотира картаси ўрнатилган. microSD бўлмачаси орқали буни янада катталаштириш мумкин.

Xiaomi Mi Mix 2S флагманининг аккумулятори 3400 мА соат ҳажмидаги электр қувватни жам қилади. Бу аккумуляторни Quick Charge 3.0 технологияси ёрдамида тезкор қувватлаш мумкин. Шу билан бирга, бу батарея Qi стандарти бўйича симсиз ҳам қувват олади. Бунинг учун алоҳида қувватлаш станцияси харид қилиш керак.

Xiaomi Mi Mix 2S модели 2 та SIM-картани қўллаб-қувватлайди. Смартфон LTE, Wi-Fi (802.11ac), Bluetooth 5.0, GPS ҳамда NFC тармоқларида фаолият кўрсатади.

Девайснинг қадоқдаёқ Android 8.0 Oreo бошқарувида ишлаши ҳам ўзига хос муҳим жиҳат.

Xiaomi Mi Mix 2S флагмани 3 апрелдан сотила бошлайди.

Нарх-навоси:

Xiaomi Mi Mix 2S 6+64 ГБ — 527 АҚШ доллари;
Xiaomi Mi Mix 2S 6+128 ГБ — 575 АҚШ доллари;

Махсус Xiaomi Mi Mix 2S талқини — 8+ 256 ГБ: 639 АҚШ доллари.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!