Xiaomi Mi Mix 3 – ҳақиқий ромсиз флагман сирлари ошкор бўлди

  •   DiMaX
  •  1775
  •  11.12.2017 16:46

Xiaomi Mi Mix 3 – ҳақиқий ромсиз флагман сирлари ошкор бўлди

Биринчи авлод Xiaomi Mi Mix смартфони – олд томонини ромсиз экран деярли буткул эгаллаган илк мобил қурилма бўлиб, бозорга 2016 йилнинг охирида чиқарилган. 2017 йилнинг бошиданоқ кўпгина смартфонсозлар унинг дизайнидан нусха ола бошладилар ва натижада ҳозирда кўплаб компаниялар ўзларининг ромсиз дисплейли смартфонларини чиқаришган. Жорий йилнинг сентябрига келиб эса Xiaomi ўзининг Mi Mix 2 моделини тақдим этди; у янада илғор техник хусусиятларга ва ихчамроқ ўлчамга эга бўлиб чиқди.

ЎҚИНГ: Йилнинг кутилган смартфони – ромсиз Xiaomi Mi Mix 2 тақдим қилинди

Энди эса, «хитойча Apple» 2018 йилнинг ўрталаридаёқ Mi Mix 3 флагманини тақдим этиши айтилаётир. Бугун унинг дизайнига оид айрим сирлар ошкор этилди, деб ёзади AKKet нашри.

Хусусан, Slashleaks ресурси манбалари Xiaomi Mi Mix 3 смартфонининг орқа қопқоғи суратини тақдим этишган. Унга кўра, ушбу гаджетнинг асосий камераси қўш объективга эга бўлади. Mi Mix туркумининг дастлабки иккита авлодида бу хусусият учрамаслигини инобатга олсак, навбатдаги модел бу борада биринчиси бўлади. Xiaomi’нинг бошқа «қўш кўзли» мобил қурилмаларидан фарқли равишда, Mi Mix 3 гаджетида бу объективлар тикка жойлашади. Фоточақноқ шу датчиклар ўртасида жойлашуви билан ҳам бу флагман iPhone X’га ўхшаб кетади.

Шу тариқа, 2018 йилга келиб ҳақиқий ромсиз флагман – Mi Mix 3’ни кўришимиз мумкин бўлади. Юксак техник хусусиятларига қўшимча тарзда иккита модулли камераси бўлиши Xiaomi’нинг кўпчилик смартфонсозлардан яна бир қадам илгарилашига сабаб бўлади. Қўшалоқ камера орқали смартфон эгалари орқа фонни хиралаштириб фотосуратлар олишлари, тасвир сифатини йўқотмасдан икки каррали зумдан фойдаланишлари мумкин.

ЎҚИНГ: Xiaomi фанатлари 5 йил кутган хусусият Mi 7’да жорий этилади

Xiaomi Mi Mix 3 расмий тақдимоти 2018 йилнинг ёзида бўлиб ўтиши айтилмоқда. Бу флагман ромсиз AMOLED-экрандан ташқари, Qi стандарти бўйича симсиз қувватлаш технологиясига ва юзни сканерлаш тизимига ҳам эга бўлади. У саккиз ядроли илғор Qualcomm Snapdragon 845 процессори базасида ишлайди, юқори конфигурациясида 8 ГБ тезкор ва 256 ГБ доимий хотира бўлиши айтилаётир. Мазкур флагман симсиз технологиялардан Bluetooth 5.0, Wi-Fi 802.11ad (янги стандарт) ҳамда Android Pay тўлов тизими билан ишлаш учун NFC кабиларни қўллаб-қувватлайди.

Янги флагманнинг нархи борасида ҳозирча маълумот чиқмаган.

ЎҚИНГ: Xiaomi’нинг Mi туркуми смартфонларига «Малика»да сўмда белгиланган нархлар (2017 йил 23 ноябрь)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!