Xiaomi Mi4S: “Малика”нинг ноёб-ҳамёнбоп флагмани

Xiaomi Mi4S: “Малика”нинг ноёб-ҳамёнбоп флагмани

Xiaomi Mi4 "байроқдори"дан сўнг Xiaomi 2016 йилнинг 24 февралида етакчиликни Xiaomi Mi4S моделига тутқазган эди. Бу гаджетда Xiaomi Mi4 номига нафақат "S" қўшимчаси қўшилди, шу билан бирга, корпусда бармоқ изи сканери, SIM-карта ҳамда 64 Гб сиғимли хотира картаси бўлмачалари ҳамда "оч-пушти" рангли корпус талқини ҳам қўшилди. Юртимиз смартфон дўконларида 1,804,000 сўмдан сотилаётган бу флагман ўз баҳисга қанчалар муносиблигини мазкур тавсифда ўрганамиз.

Xiaomi Mi4S смартфонининг техник жиҳатлари:

Алоқа тармоғи: GSM/GPRS/EDGE, WCDMA/HSPA, LTE;

Платформа (тақдимот вақтида): Android Lollipop'нинг MIUI v7 талқини;

Дисплей: 5”, 1920 х 1080 пикселли, IPS, 441 ppi;

Камера: 13 Мп, 5 қаватли оптик линза, f/2.0, икки тусли фоточаноқ, фазали фокуслаш;

Олд камера: 5 Мп, 80 градусда сурат олиш;

Процессор: 6 ядроли (2 х Cortex-A57, 1,8 ГГц + 4 x Cortex-A53, 1,5 ГГц), Qualcomm Snapdragon 808;

График чип: Adreno 418;

Тезкор хотира: 3 ГБ;

Доимий ички хотира: 64 ГБ;

Хотирани кенгайтириш: microSD, 64 ГБ;

Модуллар: GPS ва ГЛОНАСС;

Қўшимча: Wi-Fi (802.11a/b/g/n/ac), Bluetooth 4.2, USB Type-C, ИҚ-порт,

3,5 мм порт;

2 та бўлмача: micro-SIM ва nano-SIM;

Аккумулятор: 3260 мА соат;

Ўлчамлари: 139,26 х 70,76 х 7,8 мм.

Смартфон "қиёфасини" йўқотди

Xiaomi Mi4S'нинг "аждодлари"дан бош фарқи – унинг дизайни. Поликарбонатли орқа панел ўрнига энди шиша, хусусан матони эслатиб юборадиган сурат туширилган шиша ўрнатилган. Корпус қуёшда жилодор тусга киради ва орқа панелдаги бармоқ изи сканери у қадар кўзга ташланмайди.

Ён томон ромлари – металлдан, корпус ранглари – қора, оқ, тилла ва пушти рангларда ишлаб чиқарилади.

Xiaomi Mi4S ўлчамига кўра "олтин ўрталик"ка мансуб. У ихчам iPhone SE ҳам, шунингдек 5,5 дюймли фаблет ҳам эмас. Классик дизайн ва ихчам ўлчам ихлосмандлари учун бу модел айни муддао. Шу билан бирга, корпуснинг йиғилиши пишиқ-пухта ва телефонни қўлга олганда ғичирлаш кузатилмайди.

Элементларнинг жойлашуви ҳам анъанага хос: SIM/microSD карталари учун гибрид бўлмачалар корпуснинг чап ёнида, овозни бошқариш учун яхлит узунчоқ тугма ўнг ёнида жойлашган.

2016 йилларда Android-смартфонлар орасида бармоқ излари сканерини орқа панелга жойлаштириш урфга кирди. Бармоқ автоматик равишда бу сканер устига ўрнашиши ҳисобга олинса, бу – тўғри ечим.

Металл, шиша ва ўзига хос чизмали орқа панел ўзига хос, шу билан бирга моделнинг "истараси" рақиблариникига ўхшаш.

Огоҳлантиришлар учун, мисол учун ўтказиб юборилган хатлар ёки қўнғироқлар учун бир неча рангли LED чироғи ҳам смартфонда татбиқ қилинган қулайликлардан бири.

Ўз даврида эътиборга тушган Snapdragon 808, шишадор дизайн, 64 гигабайтли ва катталаштириш мумкин бўлган хотирага эга Xiaomi Mi 4S нархи тақдимот вақтидаёқ $263 долларга белгиланган эди.

Экран ўз нархига жуда муносиб

Xiaomi Mi4S сифатли 5 дюймли ҳамда Full HD сиғимли экран билан таъминланган. 5 дюйм – фойдаланувчи учун етарли майдон. Тасвирнинг кўриниши аниқ-тинқ, ёрқинлик даражаси кўз учун етарли, ранглар тўқ ҳамда меъёрида, экран ёрқинлиги керагидан юқори. Тасвирнинг бурчакларда акс этиш даражаси ўртача.

Xiaomi Mi4S экранига хос кучли жиҳат мавжуд: смартфонни ўз дидига кўра созлашни яхши кўрганлар учун бу моделда ҳам экраннинг ранг "ҳарорати"ни тўғирлашга мўлжалланган созламалар менюси бор. iPhone смартфонларида одатда бу параметр "кечки режим" ёки "мутолаа режими" деб кўрсатилади. Хитойлик уддабурон ишлаб чиқарувчи эса ҳар кимга экранни мослаштириш имконини яратган.

Самарадорлик вақтини яшаб бўлгандек

Смартфондаги тезкор хотира сиғими 3 гигабайт, доимий хотира 64 гигабайтли. Шу билан бирга унга 2015 йилда етакчилардан бўлган Qualcomm Snaprdagon 808 процессори ўрнатилган. Бу чип Quad HD сиғимли экранни ҳам қўллаб-қувватлайди. Мисол учун LG G4 смартфони экрани шу сиғимда ва унга ҳам мазкур чип ўрнатилган. Видео ва графикани қайта ишлаш учун Adreno 418 видео-картаси жавобгар.

Asphalt 8 ва Modern Combat каби замонавий "оғир" ўйинларни ўйнашда чип баъзида қийналиб қолади. Иловалар билан ишлашда эса муаммо кузатилмайди. Процессорни иши кўпайиб кетганида корпуснинг юқори қисми қизийди.

Xiaomi Mi4 S смартфони Meizu гаджетлари каби "мусиқий" бўлмаса ҳам, уларда овоз ва товушнинг жаранг сочиши сифатли ва ортиқча зўриқишлар йўқ.

Коммуникация ва алоқа имкониятлари

Xiaomi Mi 4S Хитойдан ташқарида 4G LTE тармоғини қўллаб-қувватламаслиги мумкин. Боиси, смартфон стандартига хос техник жиҳатлар барча радиочастота спектрларига мос келмаслиги мумкин. Шу боис, уни харид қилишдан аввал сотувчилар билан бу борада маслаҳатлашинг.

Аккумулятор – сиғимдор

Ўртача фойдаланганда Xiaomi Mi4S тўлиқ қувват билан 13-14 соат ишлайди. Яъни, бу вақт ичида 1 соат суҳбат қуриш, мессенжерларда суҳбатлашиш, почтани бир неча бор текшириб кўриш, суратга тушиши мумкин.

3260 мА соат электр токи сиғимига эга аккумуляторни Quick Charge 2.0 технологияси ҳамда USB Type C порти ёрдамида 1,5 соат ичида 100 фоизга тўлдириш мумкин.

Камера – ўртача, бироқ қизиқ жиҳатларга бой

Xiaomi Mi4S камераси олган суратларга чидаса бўлади. Кадр ёнларида ранг-тус "қочган" бўлиши, деталлар жуда зўр бўлмаслиги мумкин. 13 мегапикселли бош камера ёруғлик етишмаса, "ҳаяжонланиб" қолади. Ёруғлик етарли шароитда эса ҳаммаси яхши, HDR режимидан ҳам кўнгил тўлади.

Орқа панелдаги 2 тусли LED фоточақноғи камерага юз ва терига мос рангни ифодалашига ёрдам беради. Камерада суратни оптик барқарорлаштириш функцияси йўқ. Бу ҳам камерага ёруғлик паст вазиятда яхши сурат олишига тўсқинлик қилади. 

Олд камера 5 мегапикселли (f/2.0 диафрагма) ва яхши сурат олади. Mi 4S камера иловаси Mi 5'ники билан бир хил.

Қуйидаги суратлар сифатига ўзингиз баҳо беринг.

Хулоса

Xiaomi Mi4S – ўрта нархли, юртимизда яхши сотилаётган смартфон. У сифатли корпуси, ёрқин экрани, дизайни билан ўзига хос. Смартфон бир вақтлар техник жиҳатдан флагман бўлган бўлса, у ҳануз ўз ўрнини йўқотмаган.

Рақиблари орасида Lenovo Vibe Shot, Meizu MX5 ва Huawei Honor 7 Premium'ни келтириш мумкин. Уларнинг барчаси ҳам металл синчли, самарадорлиги эса деярли бир хил. Анъанага кўра, Xiaomi Mi4S нархи, хотираси ва батарея сиғими билан уларни доғда қолдиради. Huawei смартфонида экран йирикроқ, Lenovo урғуни камерага қаратган, Meizu 5.5 дюймли дисплейи ва NXP TFA9890  "мусиқий" чипи билан ўзига хос.

 

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

"Малика" 1.8 млн сўм Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.